Қўқондаги бозорда сотувчилар жанжаллашди
3-саҳифа
−
23 Июнь 2023
12126Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги кийим-кечак бозори ҳудудида сотувчилар ўртасида жанжал содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 21 июнь куни Қўқон шаҳридаги кийим кечак бозори ҳудудида жойлашган дўконлардан бирининг иш бошқарувчиси 1990 йилда туғилган аёл дўкон олдида сотувчилик қилаётган 41 ва 35 ёшли эр-хотинга мазкур ҳудудда савдо қилмасликни айтган. Икки томон бир-бирини ҳақорат қилиши оқибатида жанжал келиб чиққан. Тортишувга уларнинг қариндошлари ҳам қўшилган.
Шунингдек, эртасига, 22 июнь куни шу дўконнинг 1989 йилда туғилган эгаси ва унинг икки шериги дўкон олдида кийим сотаётган 47 ёшли аёл ва унинг 14 яшар ўғли дўконнинг кириш қисмини тўсиб қўяётганини важ қилиб, улар билан жанжаллашган. Жанжал давомида аёлнинг вояга етмаган ўғлига жароҳат етказилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган. Тартиббузарликка алоқадор барча фуқароларнинг шахслари аниқланган ва терговга жалб этилган. Вояга етмаган болага жароҳат етказилиши ҳолати бўйича судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
“Бу каби ҳуқуқбузарликларнинг такрорланишини олдини олиш мақсадида Қўқон шаҳар ҳокимлиги, бозор маъмурияти ҳамда шаҳар ИИБнинг масъул ходимлари томонидан бозор ҳудудидаги дўконлар ҳамда вақтинчалик ёйма савдо расталарида савдо фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар орасида профилактик тушунтириш ишлари ўтказилди”, дейилади хабарда.