Қуддусда вазият чигаллашди. Теракт содир бўлди
Олам
−
28 Январь 2023
9729Шу ҳафтанинг иккинчи ярмида Қуддусда бўлган воқеалар вазиятнинг чигаллашаётганини кўрсатди. Дастлаб 26 январь куни Исроил ҳарбийлари томонидан ўтказилган рейд оқибатида 9 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Кеча, 27 январь куни эса Шарқий Қуддусдаги яхудийлар синагогасида бўлган теракт 7 кишининг умрига зомин бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Исроил 26 январь куни “Исломий жиҳод” қуролли гуруҳи аъзоларини бир нечта йирик терактлар уюштирганликда ва яна бошқа терактларни режа қилаётганликда гумон қилиб, уларни қўлга олиш учун махсус кучларни Женин шаҳрига юборган. Женинда ўтказилган рейд чоғида нафақат “Исломий жиҳод” гуруҳи аъзолари, балки маҳаллий аҳоли вакилларидан бир эркак ва аёл ҳам ҳалок бўлган.
Орадан бир кун ўтиб, 27 январь куни маҳаллий вақт билан соат 20:15 да Қуддуснинг Неве Яаков маҳалласидаги яхудийлар синагогасида теракт содир бўлди. Бу терактда маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан Шарқий Қуддусдан келган фаластинлик деб тахмин қилинаётган шахс синагогада ибодат қилаётган диндорларга қарата ўт очган. Полиция зобитлари кейин уни отиб ўлдирган. Воқеа жойида 7 киши ҳалок бўлган, яна уч нафари яраланган.
Фаластинлик жангари гуруҳлар ҳужумни олқишласада, воқеада уларнинг аъзолари қатнашганини инкор этди.
Қуддусдаги вазият ёмонлашгач, дунё етакчилари ҳолатга ўз муносабатларини билдира бошлади. Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бундай ҳолатлар яна такрорланмаслиги учун икки томон билан ҳам ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди.
“Тангликни пасайтириш, осойишталикни тиклаш ва кейинги можароларга йўл қўймаслик учун Исроил ва Фаластин ҳукумати билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда”, дейди БМТ вакили Тор Веннесленд Тwitter’даги саҳифасида.
АҚШ Президенти Жо Байден эса Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху билан суҳбатлашиб, уларни қўллаб-қувватлашини айтди ва ёрдам беришни таклиф қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь