“Қудбиевча агрессия”, “Ўрта аср чиновниги”, “арзон тактика”. Жамоатчилик ДСҚ раисининг QALAMPIR.UZ журналистини камситганини қандай баҳоламоқда?
Таҳлил
−
18 Январь 2022
23334“Юлдузхон, сиз ҳали ёш қизчасиз”. Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиевнинг QALAMPIR.UZ мухбири Юлдуз Абдурашидовага қарата айтган ушбу гаплари ижтимоий тармоқларда трендга чиқиб, куннинг муҳим мавзусига айланди. Айни вақтда тармоқ фойдаланувчилари, жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари Қудбиевни авторитар бошқарув ва журналистларни писанд қилмаслик, ҳар турли йўл билан саволдан қочиш ва муаммо ортидан эмас, балки муаммони гапирган мухбир ортидан тушишда айбламоқда.
Гап шундаки, QALAMPIR.UZ мухбири Юлдуз Абдурашидова Artel, “Ўзбекистон темир йўллари” ва “Uzbekistan Аirways” каби йирик компанияларга солиқ имтиёзлари берилгани натижасида давлат бюджетига тўланмаётган маблағлар кимнинг елкасига тушаётгани, улар нега мол-мулк солиғидан озод қилингани ва уларнинг балансида қанча мол-мулк борлиги ҳақида савол берди. Аммо жавоб аниқ бўлмагани учун мухбир яна сўз олиб, жавобдан қониқмагани, Artel каби корхоналарга берилаётган имтиёзларга изоҳ берилмаганини айтди.
“Одамларимиз нега сизнинг саволингизга жавоб бермади деб менга ёзяпти: “Artel корхоналар тизимининг шохи борми? Кимнинг елкасига тушишини нега айтмаяпти?” Яъни халқимиз сиздан тўлиқ, батафсил жавоб кутяпти”, дея яна Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиевга юзланди.
Шу ўринда, Қудбиев, саволга жавоб қолиб, журналистнинг халқ номидан гапиришга ҳаққи йўқлигини таъкидлаб, шундай деди:
“Юлдузхон, сиз ҳали ёш қизчасиз. Халқ номидан икки хил тоифадаги одамлар гапириши мумкин. Сиз халқ номидан гапира олмайсиз. Халқ номидан фақат Президент ва депутат гапириши мумкин. Сабаби уларни халқ сайлайди. Бошқа одамнинг халқ номидан гапиришга юридик ҳам ҳуқуқий ҳам ҳаққи йўқ”.
Айни ҳолат ижтимоий тармоқларда Қудбиев ва солиқ органларига нисбатан эътирозларни янада орттирди.
Океан ортида фаолият юритаётган “Америка овози” телерадиоси журналисти Навбаҳор Имомова ҳам мазкур ҳолатга нисбатан муносабат билдириб, Қудбиевнинг мухбир аёлга “қизча” деб мурожаат қилиши, камситиш эканини айтди.
“Бу матбуот анжумани (ҳаммасини кўрмадим) Ўзбекистоннинг "эркак" мутасаддилари ҳали ҳам журналистлардан саволларни нормал қабул қила олмаслигини очиб берибди. Шерзод Қудбиевнинг аёл мухбирни "қизча" деб камситиши ниҳоятда ўринсиз. Журналистлар бу журналистни қувватлаб, анжуманни қизитгани одамни хурсанд қилди, айниқса, эркак ҳамкасблар. Журналист, албатта, халқдан эшитганлари ва одамлар орасида юриб, кузатганларини бемалол далил сифатида келтира олади. Бу – ишимиз!
Иқтисод ва солиқдек муҳим мавзулар муҳокама қилинар экан, мутасаддилар кўп ҳолларда шундай "арзон" тактикани ишга солиб, конкрет жавобдан қочиши фақат Ўзбекистонга хос ҳолат эмас, лекин бундай тадбирлар ҳар ерда шундай жасоратли журналистлар билан аҳамиятли.
Аёл мухбирларга, хусусан ёшларга маслаҳатим: ҳеч кимга сизнинг жинсингизни фактор сифатида қўллаб, овозингизни ўчириши ёки кўтараётган масалангизни четга суришига йўл қўйманг. Ўзбекистон қонунлари жинсий тенгликни кафолатлайди. Аёл журналистларнинг эркак журналистлардан кам жойи йўқ, маҳорат ва салоҳият, қолаверса, бошқа бирор жиҳатдан. Ҳукумат ҳам, хусусий сектор ҳам, ноҳукумат сектор ҳам, ҳеч ким сизга паст қарамаслиги керак. Хушмуомала ва такаллуф орқали дискриминация орасидаги фарқни англай олинг.
Солиқ – иқтисодий ва ижтимоий адолатни таъминлашда энг муҳим вазифалардан бирини бажарувчи тизим. Бу системани бошқараётганлар ОАВ билан муомалани жойига қўймаса, тоғни толқон қилаётган бўлса ҳам сезилмайди, кўринмайди.
Молия вазирининг ўринбосари Дилшод Султоновнинг ҳам "бировнинг уйига борсам, тўполон қилмайман" деган баҳонаси мантиқсиз. Матбуот анжуманида ҳеч ким ҳеч кимнинг уйида эмас. Журналист қаерда бўлмасин, ҳатто, бировнинг уйида ҳам истаган саволини беришга ҳақли. Расмийларнинг, айниқса Ўзбекистонда, ахлоқдан дарс беришга ҳадди сиғиши кулгили”, деб ёзади тажрибали журналист Навбаҳор Имомова.
Блогер Қобил Ҳидиров эса жамоатчиликни асосий муаммодан бошқа нарсага чалғимасликка чақирди. Шунингдек, у бундан бир йил аввал ДСҚ раиси Қудбиевнинг ижтимоий тармоқда ўз ходимларини қандай оғир сўзлар билан ҳақорат қилаётгани аудиоси тарқалганини эслади. Давлетов уни кўпроқ ДСҚ раиси эмас, ўрта асрлар “чиновник”ига ўхшатган
“Бундан анчагина олдин, Давлат солиқ қўмитаси раисининг аудиоси тарқаган эди. Ўшанда у Тепадан бўлган қўнғироқ сабабли ўз ходимларини роса сўккан эди. Масала қайсидир катта тадбиркор ҚҚС бўйича возврат ололмагач, Тепага телефон қилган, Тепа қўмита раисига чиққан. Кейин қўмита раиси "самимий" узр сўраган эди. (Биз бу аудиони каналимизда эълон қилмаганмиз, қадриятларимизга тўғри келмайди, деб ҳисоблаганмиз).
Бугун Давлат солиқ қўмитаси раисининг оммавий ахборот воситалари учун берган матбуот анжумани жуда кескин ўтибди, раис умуминсоний мезонларда қараганда ўзини анча қўпол тутган. Раис давлат хизматчиси сифатида эмас, ўрта асрлар “чиновник”идек муомала қилган. Бундан ҳамкасбларимизнинг дили анча хира. Лекин биз мана шу дилхиралик ортидан асосий темадан чалғимасликни истардик.
Ўнминглаб ўзбекистонлик тадбиркорларнинг тепада таниши йўқ, улар тепага телефон қилолмайди, тепа қўмита раисини сўкмайди. Чунки ўнминглаб тадбиркорларнинг танкаси йўқ, уларнинг сайлаган депутатлари йўқ. Уларнинг номидан конституцияда ваколат берган одамлар гапира олмайди. Ёки уларга етишнинг иложи йўқ. Шундай бўлса-да, яна темадан чалғишни истамасдик. Ўнта матбуот анжумани бўлса-да, тадбиркорларнинг фаолияти енгил бўлиб қолмайди.
Тадбиркорларимиз жиддий муаммога дуч келишмоқда. Буни журналистлар, блогерлар бўрттираётгани йўқ, муаммо жиддий, тадбиркорлар айюҳаннос солмоқда, ОАВ, журналистлар, блогерлар шунчаки хавотирга тушаётган, олдида жиддий муаммолар юз келаётганини ҳис қилаётган тадбиркорлар фикрларини сал қофияга солиб эълон қилаяпти. Муаммо журналистлар, блогерларда эмас. Муаммо тадбиркорлар учун қарийб иложсиз ва биртомонлама жорий қилинган маъмурчиликда, уни ишлаб чиққан ва жорий қилаётган ижрочиларда. Ўзбек халқи доно халқ, у ҳамма нарса ўткинчи эканлигини билади, лекин яна эски нуқтадан бошлаш озгина аламли, холос. Бизга сиёсий ечим керак”, деб ёзади блогер.
Журналист Инобат Аҳатова эса Facebook’даги ёзган постида Қудбиевнинг шахси ва раҳбарлик маданиятига мурожаат қилган. У шундай дейди:
"У ўзи раҳбарлик қилаётган тизимни яхши билмайдими? У кибрли раҳбарми? Журналистлар билан мулоқотда ўзини шунақа қўпол тутса, оддий фуқаро билан қандай гаплашаркин?
Шерзод Қудбиев ҳақида шундай фикрга бораётганимга сабаб фақат бугунги ҳолат эмас. Ўткан йили ёшлар форумидаги учрашувда ҳам ўзини ғалати тутганди.
Ўшанда у ҚҚС ҳақида савол берган журналистга пичинг қилиб, уни ҳайп қилишда айблаганди. Учрашувдан сўнг қўриқчилари қуршовида журналистларни нари қилиб чиқиб кетган. Ваҳоланки, бошқа вазир, амалдор, бош вазир ўринбосарлари ёшлар билан учрашувга қўриқчи билан келмаган, учрашувдан кейин журналистлар билан савол-жавобдан қочмаган эди (Ортиқхўжаевдан бошқа). Қисқаси Қудбиев ўшанда ҳам ўзини жуда хунук тутган.
Бугун эса журналист қизнинг саволларига конкрет жавоб беришнинг ўрнига сўз ўйини қилибди, ёшлигини эслатиб гапни айлантирибди. Бу ерда мақсад аниқ жавобдан қочиш. Кейин ДСҚ раҳбари ўзининг соҳасини чуқур, тизимли билмайдиганга ўхшайди, журналистлар билан мулоқот кўникмаси ҳам етишмайди. Бўлмаса у бунақа майдалашиб, ортиқча гапни чўзмасди. Савол конкрет: "Нега Artel (шунга ўхшаш юзлаб компаниялар)га солиқ имтиёзи бериляпти?". Аниқ жавоб керак бу ерда, соҳага масъул мутасаддининг изоҳи!
Молия вазири ўринбосарининг Қудбиевга адвокатлик қилиб "Бировнинг уйига борсам тўпалон қилмайман" дейиши жуда ортиқча. Журналистлар сизнинг уйингизда эмас, улар шахсий муаммосини кўтариб келмаган. Халқ пулига қилинган бино, маош, хизмат машинасида юриб бундай дейишга ҳақли эмассиз. Вазифангиз улар саволига жавоб бериш, юз марта изоҳ сўраса, керак бўлса юз марта.
Охирги гап: йиғиштиринг майда гап, сўз ўйинини. Аниқ жавоб, изоҳ беринг солиқ тизимидаги имтиёзлар нега керак, бировнинг имтиёзи бошқага юк бўлиб тушмайдими? Нега ҳамма бир хил солиқ тўламаслиги керак? Artel, Akfa, Амирсой, Тўпаланг ва ҳовазо компанияларнинг шохи борми?”
Адлия вазирининг маслаҳатчиси ва блогер Шаҳноза Соатованинг ёзишича, матбуот анжуманида ДСҚ ўз олдига қўйган вазифасини бажара олмаган. У ДСҚ раиси Қудбиевни журналистнинг сўзларини контексдан узиб талқин қилишда айблади.
“Бугунги матбуот анжумани ўз олдига қўйган вазифани бажара олмади, ДСҚ ўзини тушунтиролмади, аксинча, раиси айтган сўзлар хайп бўляпти.
Аввало, жаноб Қудбиев журналистнинг сўзларини контекстдан узиб талқин қилди. Журналист ўзига келган саволларни ўқиб: "Бу менинг гапим эмас, халқнинг гапи" деди, контекстда "менинг гапим эмас, одамлар сўраяпти" деган маънода келяпти. Уни узиб олиб халқ номидан гапирма дейиш – сўз ўйини, саволга жавоб бермаслик асли. Бир сўраганда жавоб бермай, қайта сўралганда яна сўз ўйини қилиш омма олдига чиққан одамнинг оммага нисбатан қўполлиги деб талқин қилиниши мумкин.
Халқ халқ бўлиб бориб савол сўрашидан қўрқиш керак аслида.
Умуман олганда, бугунги матбуот анжуманини мақсадли аудитория билан мулоқот деб бўлмайди. YouTube’да жонли узатув пайти айнан шу солиқлар бошига тушган тадбиркорлар шарҳларда ёзиб қолдирган саволларга жавоб бериш керак. Тадбиркорлар, иқтисодчилар билан мулоқот қилиш керак. Солиқ схемаларини ҳамма журналистлар ҳам тушуниб, зарур саволни бера олмаслиги мумкин. Шунга “асосий масала қолиб…” деб бошланувчи таъналарга ҳам қўшилмайман. Чунки тадбирда асосий масала ҳақида кам гапирилди, тадбиркорларнинг Кодексга киритилган ўзгартиришлар тўғрисидаги норозиликлари фокусда турмади, лейтмотив бўлмади.
Бошқаттан бошқа мулоқот керак, мақсадли аудитория билан”, деб ёзади блогер.
Блогер Баҳодир Аҳмедовга кўра, ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев аёл журналистларга нисбатан биринчи марта бундай қўполлик қилаётгани йўқ. Блогер бу ҳолатга "Қудбиевча агрессия" дея таъриф берган.
“Саволдаги бутун мамлакат тадбиркорларини қийнаб келаётган муаммо қолиб жузъий бир масалага ўралашиш дегани шу бўлади.
Мени назаримда:
• Artel ҳақида оғриқли савол бўлди;
• Раис жавоб бермади (қўрқди шекилли);
• Журналист қиз яна қайта сўради, масала юзасидан алоқадор шахсларни халқ деб айтиб юборди;
• Раис "тарвуз қолиб, уни банди ҳақида гапириб кетди" ва буни маданий-агрессив тарзда амалга оширди;
• Анови журналист братан эркаклиги тутди ва қиз бола ҳамкасбини ёнини олди (мен ҳам шундай қилган бўлардим). Респект!
Қудбиев қўпол кўринишда аёл журналистларга эътироз билдириши биринчи марта эмас”, деб ёзади Аҳмедов.
Блогер Зафарбек Солижонов эса "ёш қизчасиз" дея ёш цензига урғулаши нопрофессионаллик эканини урғулади.
“Конституциянинг 10-моддасини охирги вақтлар айрим мансабдорлар нотўғри талқин қилмоқда. Унда "Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин" дейилган. Иш олиб бориш ҳуқуқи, ваколатлари эса конституция ва бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган.
Бу ерда сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахснинг халқ номидан гапириши, савол бериш мумкинмаслиги назарда тутилмаган. Худо кўрсатмасин, куни келиб шу ҳудудда бир мансабдор ва бир фуқаро қолса ҳам ўша фуқарода халқ номидан савол бериш ҳуқуқи қолади. Журналистда эса ахборот олиш учун давлат органлари мансабдорларига мурожаат этиш ҳуқуқи мавжуд.
Artel ҳақидаги савол эса долзарблигича қолган. Бир тарафга енгиллик берилиши ўз-ўзидан иккинчи тарафга юк ташлайди – буни ҳисоблашга катта калла керакмас. Artel’нинг солиқ тўлаши камида тенглик принципи ишлаётганини кўрсатади. Қолган солиқ тўловчилар юкига ҳам таъсир ўтказади.
Қудбиевнинг "ёш қизчасиз" дея ёш цензига урғулаши нопрофессионаллик ҳисобланади. Бу биздаги айрим катталарга теккан касаллик. Жуд кўпи "козыр" сифатида иккинчи тарафнинг фикрини йўққа чиқаришда шу услубдан фойдаланади. Мансабдорга ярашмайдиган хусусият.
Камига журналист бундай йиғилишларга ўзининг шахсий иши учунмас, ўша сиз-биз чиққан, вақт ва бошқа ресурслари чекланган халқнинг оғзи сифатида савол бериш учун боради. Имконият. Ёнидаги Молий вазири ўринбосари Дилшод Султонов эса "бировнинг уйи" деб гапирмасин. Тагида ўтирган стул ҳам халқнинг умумий мулки, солиқлари эвазига сотиб олинган”, деб ёзмоқда блогер Зафарбек Солижонов.
Айни вақтда мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинмоқда. Ҳозиргача Давлат солиқ қўмитаси ёки Молия вазирлиги ҳолат бўйича баёнот бергани йўқ.
LiveБарчаси