Қримдаги сув тошқини давом этмоқда. Яриморолда фавқулодда ҳолат эълон қилинди (фоторепортаж)

Олам

image

Жорий йилнинг 17 июнь куни Қрим яриморолига кириб келган кучли циклон олиб келган тинимсиз ёмғир натижасида минтақа шарқидаги 300 дан зиёд хонадонни сув босди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Ялтадаги Водопадная дарёси кучли ёмғир туфайли қирғоғидан тошиб, кўчалар ва уйларни сув босди. Қрим раҳбари Сергей Аксенов яриморолда фавқулодда вазиятни жорий қилди ва тошқин оқибатларини бартараф этиш учун захира фондидан маблағ ажратилганини таъкидлади.

Тошқин оқибатида ҳозирча бир киши ҳалок бўлиб, 11 киши жабрланган. Шунингдек, транспорт ҳаракати ҳам тўхтаб қолган.

Кучли ёмғир ёғиши туфайли сув тошқини остида қолган Керч ва Ялта шаҳарларида (Қримда жойлашган) 1773 киши, шу жумладан, 321 нафар ёш бола эвакуация қилинган.

18 июнгача бўлган вақт мобайнида 426 та уйга ёндош ҳудудларни сув босган, шулардан 365 таси ҳовли-жойлар, 18 таси эса ижтимоий аҳамиятга эга объектлардир. Айни пайтда Керч, Феодосия ва Ялта каби олтита муниципал ҳудудларда 64 та уй-жой сув остида қолмоқда.

Ялта ва Керчда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келган. Ҳозирда Керчдаги электр масаласи ҳал қилинган, аммо Ялтада 1420 та хусусий уй-хўжаликлари ва 18 та кўп қаватли уйлар таъминотдан узилиб қолган.

Керчда Жаржава ва Мелек-Чешме дарёлари тошиб кетган. Шаҳар маркази сув остида қолган. Аҳолидан овқат тайёрлаш учун кран сувидан фойдаланмаслик сўраляпти.

Минтақа Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ёмғир, момақалдироқ ва дўл каби табиат ҳодисалари муносабати билан якшанба ўрталарига қадар бўрон ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.

 Юлдуз Абдурашидова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

134

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг