Қозондан “горшок”гача: урушдан кейин фашист дубулғалари нима қилинган?

Бу қизиқ

image

Иккинчи жаҳон уруши даврида Германия ва унинг иттифоқчилари “штальхельм”, “пикельхельм” ва шунга ўхшаш миллионлаб дубулғаларини ишлаб чиқарган эди. Аммо муваффақиятсиз якундан сўнг эгасини йўқотган ёки “қиладиган иши қолмаган” бу дубулғалардан металломдан тортиб “горшок”гача бўлган турли мақсадларда фойдаланилди.

Қисқача тарих

1920-1930 йилларда Германия ҳукумати кўриниш ва функционаллигини яхшилаш мақсадида Биринчи жаҳон уруши пўлат дубулғаларини қайта дизайнлашни бошлади. 1935 йилда ҳарбийлар янги жанговар дубулға – М1935 номи билан танилган “штальхельм”ни тасдиқлади. Иккинчи жаҳон уруши давридаги немис дубулғаларининг геометрик ўлчамлари Биринчи жаҳон уруши моделларига нисбатан кичик ва ихчамроқ эди. Тарихчиларнинг фикрига кўра, айнан ушбу дубулғалардан фойдаланиш бошланганидан сўнг, парчаланиш ёки эзилиш билан боғлиқ жароҳатлар 70 фоизгача камайган.

Ҳар бир маҳсулот маълум даврдагина эҳтиёж марказига айланади, айниқса оммавий жараёнларда. Пандемия даврида тиббий ниқоб каби бир марталик маҳсулотларга эҳтиёж ошгани бунга мисол. Аммо вазият барқарорлашгач, ишлаб чиқарилган ёки аввал фойдаланилган маҳсулотлар арзон ёки кераксиз буюмга айланиб қолади. Дубулғалар ҳам қайсидир маънода шундай тақдирга мубтало эди. Аммо мустаҳкам металлдан тайёрлангани уларни шунчаки улоқтирилишдан сақлади ва одамлар дубулғалардан турли жабҳаларда фойдаланишга ҳаракат қилди.

Металлом

Дубулғаларнинг катта қисми Совет Иттифоқига ҳарбий ўлжа сифатида олиб кетилган. 1943 йилдаёқ трофей металлом (уруш ёки жанговар ҳаракатларда қўлга киритилиб, металл сифатида қайта ишлаш учун фойдаланиладиган техника, қурол-яроғ) бригадалари ташкил этила бошланган. Уларнинг вазифаларидан бири озод қилинган ҳудудларда металл парчаларини йиғиш эди. Трофей қўмитасига Совет Иттифоқи маршали Климент Ворошилов раҳбарлик қилган.

Озод қилинган ҳудудларда тинч аҳоли ҳам трофей бригадалари ишларига жалб қилиниб, йиғиб, топширилган металл учун уларга пул тўланган: бир дона немис дубулғаси учун 3-5 рубль.

Умуман олганда, трофей бригадалари 447 минг 741 тонна металл йиғиб, 1,38 миллиард рубль миқдорида маблағ олган. Йиғилган дубулғалар тақдири оддий эди: қайта эритиш. Жуда кам қисми эса маданият ва маърифат эҳтиёжларига йўналтирилиб, музей коллекциялари қаторидан жой олди ёки киностудия реквизитлари сифатида фойдаланилди.

СССРда халқ орасида қўлланиши

Немис ашёларининг анчагина қисми тинч аҳоли қўлида қолган ва одамлар ўз ижодкорлигини намоён этиб, уларни турли эҳтиёжлар учун ишлатган. Дубулғалар шакли туфайли турли хил идишларга айлантирилган: қозондан тортиб товуқлар учун овқат соладиган идиш ва “горшок”гача. Аммо немис дубулғаларидан кўпроқ чуқур ковлагичлар сифатида кўпроқ фойдаланилган: бу ерда ҳеч қандай ихтирога ҳожат йўқ – трубани михлаб маҳкамлайсиз ва ковлашга тайёр! Бу нафақат фойдали, балки халқнинг фашистларга бўлган муносабатини ҳам кўрсатган.

Ҳарбий қўлланилиш

Мағлубиятга учраган Германия ҳудудида қолган дубулғалар эса бошқа тақдирни бошдан кечирди. Қизиқ томони шундаки, “штальхельм” дубулғаларини нафақат Германия, балки Финляндия, Болгария, Руминия, Югославия ва Хитой армиялари ҳам ишлатган. Ҳаттоки, Чили армиясида улар ҳанузгача тантанали корпус формаси таркибида қолмоқда.

Германияда “штальхельм” дубулғаларининг тақдири ҳам турлича бўлди. Уларнинг бир қисми тинч мақсадларда хизмат қилишда давом этди ва ёнғин хавфсизлиги хизматини таъминлаш учун ишлатилди. Ҳатто ҳозирда ҳам айрим немис ўт ўчирувчилари шунга ўхшаш шаклдаги дубулғалардан фойдаланади.

Конверсия (тинч мақсадларга мослаштириш)

СССР аҳолиси каби, немислар ҳам дубулғаларни уй-рўзғор эҳтиёжларига мослаштиришга ҳаракат қилди. Аммо бу сафар саноат миқёсида: ошхона анжомлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ер остидан қазиб олинган дубулғалар

Ер остида ётган ва ҳозиргача катта миқдорда топиб олинаётган дубулғалар тоифасини эсламаслик мумкин эмас. Уларнинг бир неча қўлланилиш усуллари мавжуд, энг мақбул йўл – музей коллекцияларини тўлдиришдир.

Бироқ, барча қазувчилар топилмаларни музейга топширмайди, уларнинг кўп қисми сотувга чиқади. Бугунги кунда немис дубулғасининг нархи чириб битган намуналар учун 300 рублдан бошланиб, идеал ҳолатдаги буюмлар учун 40-50 минг рублгача етади. Ўртача нарх эса 15-30 минг рубль атрофида. Бундай дубулғаларни асосан тарихий реконструкция тадбирларида қатнашадиганлар, ҳарбий тарих ихлосмандлари ва коллекционерлар сотиб олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Иккинчи жаҳон уруши дубулға

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг