Қозоғистонликлар газ нархи ошгани ортидан оммавий митингга чиқди (видео)
Олам
−
04 Январь 2022
10831Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Бу ҳақда “Tengrinews” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, намойишга чиққанлар ҳатто автомобиль йўлини ҳам тўсиб қўйган.
Манғистау вилояти ҳокимлигининг ички сиёсат бошқармаси Матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, аҳолининг хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф тарзда амалга оширилган. Улар намойиш ўтказилишидан 5 иш куни аввал ҳокимликни хабардор қилиши керак эди.
“Соат 11:00 да автомобиль эгалари Жанаозендаги ФҲДЁ биноси ёнида тўпланиб, суюлтирилган газ нархини пасайтириш масаласини муҳокама қилди. Йиғилганларга суюлтирилган газни сотиш бўйича ишларнинг аҳволи ва “Тинч намойишлар ташкил этиш тўғрисида”ги қонун, хусусан, уларнинг хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф экани, митинг ўтказилишидан 5 иш куни олдин ҳокимликни хабардор қилиш зарурлиги тушунтирилди”, дейилади Матбуот хизмати берган хабарда.
Маълум бўлишича, шаҳар ҳокимлиги вакиллари йиғилганларни ўз талабларини ёзма равишда баён этишга таклиф қилган.
Манғистау вилояти Энергетика ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бердибек Картбаев газ нархининг ошишига изоҳ берар экан, республикада газнинг ўртача нархи литри учун 110 тенге, қўшни Атирау вилоятида — 115 тенге ёки Уралскда — 120 тенгени ташкил этишини таъкидлади.
“Айни пайтда вилоятда охирги истеъмолчи учун газ нархи 95−115 тенге атрофида. Аввалги 60 тенгелик нарх қайтмайди, чунки энди газнинг нархи транспорт ва тадбиркорнинг операцион харажатларини ҳисобга олмаганда, литри 70−85 тенгени ташкил этади”, дея тушунтирган Бердибек Картбаев.
Аммо намойишчиларга бу тушунтириш кифоя қилмади. Кейинроқ Манғистау вилояти маркази Ақтау шаҳрида ҳам автомобиль эгалари иштирокида намойишлар бошланди. Айниқса, кеча, 3 январь куни кечқурун юзлаб намойишчилар Ақтаудаги “Ынтымак” майдонида йиғилди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ўзининг Twitter саҳифасида ҳукумат комиссияси иш бошлагани, унинг таркибига Президент маъмурияти ходимлари ҳам кирганини маълум қилди.
“Республика тезкор штаби доимий асосда иш олиб бормоқда. Ҳукуматга Жанаозендаги вазиятни иқтисодий мақсадга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда зудлик билан ҳуқуқий жиҳатдан кўриб чиқишни топширдим. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жамоат тартиби бузилмаслигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди”, деб ёзди Тоқаев Twitter’даги саҳифасида.
Шунингдек, Президент намойишчиларни масъулиятли ва тайёр бўлишга чақирди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь