Қозоғистонда йўқолган ҳарбий вертолётнинг қолдиқлари топилди
Олам
−
27 Июль 13209 2 дақиқа
Аввалроқ, Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида бортида уч нафар экипаж аъзоси бўлган EC-145 ҳарбий вертолёти радарлардан йўқолиб қолганди. Унинг қолдиқлари кеча, 26 июль куни топилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, вазирликнинг қўмондонлик маркази тезкор штабида ўтказилган космик мониторинг чоғида Олмаота вилоятидаги Сорбулоқ кўли акваториясида нефть характеридаги доғ аниқланган. Бир гуруҳ қутқарувчилар белгиланган ҳудудга етиб борган. Қидирув-қутқарув ишларига ФВВнинг 200 га яқин шахсий таркиби, 40 та техникаси, 15 та сув кемаси, 4 та кинолог бўлинмаси ва 2 та самолёти жалб этилган.
Воқеа жойида ўтказилган текшириш натижасида Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларига тегишли бўлган вертолётнинг бўлаклари аниқланган.

Маълумот учун, EC-145 вертолёти – Франция ва Германияда жойлашган Airbus Helicopters компанияси томонидан ишлаб чиқарилган икки двигателли кўп мақсадли вертолётдир. У дастлаб 1999 йилда парвоз қилган ва 2002 йилдан бошлаб тижоратда фойдаланила бошланган. Ушбу вертолёт фуқаролик ва ҳарбий мақсадларда кенг қўлланади. У оғир юкларни кўтаришга, фавқулодда вазиятларда тиббий эвакуация қилишга, патруллик ва қидирув-қутқарув ишларига, шунингдек, полиция ва хавфсизлик хизматлари томонидан фойдаланишга мўлжалланган. EC-145 замонавий навигация тизимлари билан жиҳозланган, икки учувчили бошқарувга эга бўлиб, 8–10 нафаргача йўловчини олиб юриши мумкин. Унинг максимал тезлиги соатига тахминан 268 километр бўлиб, бир марта ёқилғи билан 680 километргача учиши мумкин. Ҳарбий версияси H145M деб юритилади ва бу модель қуролли кучлар учун мослаштирилган бўлиб, замонавий алоқа воситалари, инфрақизил кузатув, ҳамда қуролланиш имкониятларига эга. Ҳозирда бу вертолётлар кўплаб давлатлар, жумладан Қозоғистон томонидан ҳам ҳарбий ва қутқарув мақсадларида фойдаланилади. Қозоғистонда ушбу вертолётлар Airbus Helicopters Kazakhstan Engineering заводи орқали йиғилади ва техник хизмат кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Хабаровск ўлкасида “Взлет” авиакомпаниясига тегишли Mi-8T вертолёти бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилганди. Бортда 5 киши бўлган. Уларнинг 3 нафари экипаж аъзоси ва 2 нафари техник мутахассислар саналади. Вертолёт Охотск аҳоли пунктидан ҳавога кўтарилган ва Магаданга етиб бориши керак бўлган. Бироқ белгиланган вақтда экипаж билан алоқа узилган.
Live
Барчаси