Қозоғистонда наркобизнесга аралашган амалдорлар умрбод қамалиши мумкин
Олам
−
19:16
1047Қозоғистонда наркотик моддаларга оид жиноятларда иштирок этган давлат хизматчилари умрбод қамалиши мумкин. Бу ҳақда Қозоғистон парламенти депутати Асхат Аймагамбетов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу ташаббус Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси – Мажлис депутатлари томонидан илгари сурилган бўлиб, ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланган. Депутатнинг сўзларига кўра, бу ўзгариш Қозоғистонда наркотик моддалар билан боғлиқ энг жиддий таҳдидларни бартараф этиш учун муҳим қадам ҳисобланади. Хусусан, давлат хизматчилари ёки “погондаги жиноятчилар” ўз лавозимларини суиистеъмол қилган ҳолда наркотик савдосига аралашса, бу фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини сусайтиради ва халқнинг соғлиғи ҳамда хавфсизлигига таҳдид солади.
Ушбу қонун лойиҳаси орқали депутатлар наркотик савдоси билан шуғулланган давлат амалдорларига максимал даражада қаттиқ чора – умрбод қамоқ жазоси тайинлашни таклиф қилмоқда. Ташаббуснинг асосий мақсади нафақат айбдорларни жазолаш, балки бундай жиноятларнинг олдини олиш ҳисобланади.
“Ҳукумат наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган мансабдор шахсларга нисбатан қаттиқроқ жазо – умрбод қамоқ жазосини назарда тутувчи тузатишимизга ижобий хулоса берди”, деб ёзади у.
Хусусан, тузатиш ҳуқуқ-тартибот идоралари – Қозоғистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши билан қабул қилинган.
“Ишчи гуруҳдаги депутатлар ушбу тузатишни қўллаб-қувватлади. Бу фуқароларимиз учун энг даҳшатли таҳдидлардан бирига қарши курашда муҳим қадамдир”, деб ёзади Аймагамбетов.
LiveБарчаси
16:25