Қозоғистонда масжиддаги портлаш оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
Олам
−
17 Ноябрь
12733Қозоғистоннинг Оқмола вилоятида эски масжид биносида юзага келган газ портлашида икки нафар катта ёшдаги одам ва бир бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар департаментига таяниб, “Tengrinews” хабар берди.
Нашрга кўра, 1978 йилда туғилган эркак вафот этган. Қутқарувчилар вайроналар остидан 1983 йилда туғилган аёл ва 2012 йилда туғилган боланинг жасадини ҳам топган. Тез ёрдам бригадаси 16 жабрланувчини Остона шаҳар шифохонасига етказган.
“Айни дамда қутқарувчилар вайроналарни тозалаш ишларини вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 30 га яқин ходими ва 5 бирлик техникаси, шунингдек, тезкор қутқарув гуруҳи, тиббиёти маркази, психологлар, шаҳар кинология хизмати билан ҳамкорликда олиб бормоқда. Ёнғин сабабини аниқлаш учун ҳодиса жойида Оқмола вилояти ва Остона Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ўт ўчириш бўйича тадқиқот-синов бўлими ишламоқда”, дейилади хабарда.
Соат 11:37 даги маълумотларга кўра, Оқмола вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Элдос Рамазонов Қўрғалжин туманида содир бўлган воқеа жойига етиб борган. Маҳаллий ижроия органлари барча зарур ёрдамни кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда содир бўлган ёнғин 5 нафар боланинг ҳаётига зомин бўлганди. Вайроналарни тозалаш жараёнида 2016, 2018, 2019, 2022, 2023 йилларда туғилган вояга етмаган 5 нафар боланинг жасади топилганди.