Қозоғистонда эркак бепул овқат учун қамоққа тушишга ҳаракат қилди
Олам
−
25 Сентябрь 2025 4921 2 дақиқа
Қозоғистонлик эркак қасддан жиноят содир қилиб, бепул овқат ва кийим билан таъминланадиган қамоққа тушишга ҳаракат қилди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Ақмола вилоят суди унинг устидан учинчи маротаба ёлғон террорчилик хабари тарқатгани учун ҳукм чиқарган. Суд маълумотига кўра, айбланувчи 2019 ва 2023 йилларда ҳам худди шундай ёлғон хабар берганлик учун судланган.
Бу сафар у жорий йилнинг августида чўпон бўлиб ишлаётганда “112” рақамига қўнғироқ қилиб, Остонадаги автовокзалга бомба қўйилгани ҳақида ёлғон хабар берган. Воқеа жойига махсус хизматлар етиб бориб, текширув ўтказганида маълумот тасдиқланмаган.
Судда эркак айбини тан олган ва бу ишни атайлаб қилганини, чунки ҳозирда доимий яшаш жойи йўқлигини, шунингдек, қамоқда бепул овқат ва кийим-кечак борлигини айтган.
Суд унинг аввал ҳам судланганини ҳам инобатга олиб, тегишли хулосалар чиқармагани учун жазо белгилаган. Оқибатда унга қатъий даражадаги колониясида 2 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота халқаро аэропортида Ўзбекистон фуқароси “сумкамда бомба бор” деб ҳазиллашгани учун жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди. 18 ёшли йигит рўйхатга олиш бўлимида юклари орасида “атом бомбаси” борлигини айтиб, жамоат тартибини бузган. Оқибатда у майда безорилик учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, 78 640 тенге (1 млн 824 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Live
Барчаси