Қозоғистонда эр-хотин ўртасидаги можарони олиб чиққан ток-шоу ёпилди
Олам
−
15 Март
6088Қозоғистоннинг “Хабар” телеканалидаги ток-шоу оиладаги зўравонлик қурбони билан юз берган можародан сўнг ёпилди. Бу ҳақда “Orda.kz” маълум қилди.
Қайд этилишича, телеканалнинг “Бирак” кўрсатувининг жонли эфирига қарийб 20 йил давомида ичкиликбоз турмуш ўртоғи томонидан калтакланган ва ундан қочиб Чимкентдан Остонага кўчиб ўтган олти фарзанднинг онаси таклиф қилинган.
“Эри уни калтаклаб, қўлини синдириб қўйганидан кейин аёл ўзи билан фақат болаларини олиб, Остонага қочиб келган. У ерда вақтинчалик шийпонда яшаган ва ишлаган. Уч ой олдин эри уни топиб, маст ҳолда жанжал кўтарган. Қўшнилар полицияга қўнғироқ қилган, аёл эса бизга келди", дейди Аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Анна Риль.
Марказ вакиллари дастурни ёрдам ва қўллаб-қувватлашга тайёр бўлган ғамхўр одамлар кўради, деган умидда “Хабар” телеканали журналистларига аёлнинг алоқа маълумотларини берган. Жабрланувчининг ўзи ва унинг қизи юзлари кўрсатилмаслиги ва ҳуқуқбузарнинг у ерда бўлмаслиги шарти билан ток-шоуда қатнашишга рози бўлган.
Аммо вазият бошқача тус олган. Жонли эфир пайтида студияда аёлнинг турмуш ўртоғи пайдо бўлган.
“Эркак ўз хатти-ҳаракатларини оқлай бошлади ва ниқобини ечишни сўради. Шу билан бирга, кўрсатув бошловчиси аёлни болаларнинг отаси билан учрашишига рухсат беришга ва улар ярашиш ҳамда болаларни кўриш учун эркакни кўрсатувга таклиф қилишларига кўндирган. Аммо эрини кўрган аёл стрессга тушди”, деб ёзади Анна Риль.
Аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш маркази вакиллари теледастур ташкилотчиларини рейтинглар учун аёлни яна азоб-уқубатларни бошдан кечиришга мажбурлагани учун танқид қилди.
“Бизнинг марказимиз зўравонликнинг олдини олишни устувор вазифа қилиб қўяди. Биз аёл билан унинг аҳволи бўйича уч ой ишладик. Ҳозирда бу ҳолат туфайли барча ҳаракатларимиз барбод бўлди, аёл чуқур стрессни бошдан кечирди”, дейди марказ вакиллари.
Дарвоқе, қозоғистонликларнинг бу ҳолатга норози муносабати ҳам узоқ кутилмади. Жанжал фонида “Хабар” агентлиги бошқаруви раиси ток-шоу меҳмони ва марказ ходимларидан узр сўради, шунингдек, хатони тузатишга ваъда берди.
“Лойиҳанинг асосий мақсади маърузачилар, психологлар, ҳуқуқшунослар билан ҳамкорликда ижтимоий муаммолар, оилавий қадриятлар, жамиятни ўйлантираётган мавзуларни муҳокама қилишдан иборат. Биз манипуляция ва вирусли контент яратишдан қочамиз”, деб ёзади “Хабар” агентлиги бошқаруви раиси Кемелбек Ойшибоев ижтимоий тармоқда.
Шунга қарамай, “Бирак” ток-шоуси ёпилди. Бу ҳақда мамлакат Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева маълум қилди.
“Оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оиладаги зўравонликка қарши курашиш фаолиятини мувофиқлаштириш Маданият ва ахборот вазирлигининг асосий вазифаларидан биридир. Шу мақсадда 11 март куни “Хабар” телеканалида нафақат оилаларнинг долзарб муаммоларини, балки уларнинг ечимини топишга ҳисса қўшишга мўлжалланган “Бирак“ кўрсатуви эфирга узатилди. Бироқ, ушбу жонли эфирда таҳририят ўз мақсадларига эриша олмади, қаҳрамонни чалғитиб, жамиятда ноаниқ реакцияга сабаб бўлди. Миллий телеканал, жумладан, ҳукумат сиёсатини тушунтирувчи телеканал бунга йўл қўймаслиги керак. Жонли эфирда содир бўлган воқеа телеканал таҳририяти учун катта сабоқ бўлиши керак. Бу ток-шоу ёпилади”, дейди Маданият ва ахборот вазири.
LiveБарчаси