Қозоғистонда айрим аёлларнинг иш соатини қисқартириш таклифи берилди

Олам

image

Қозоғистонда депутатлар болалар, касаллар ёки кекса қариндошларига ғамхўрлик қилаётган аёлларнинг иш ҳафтасини қисқартиришни таклиф қилди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.

Депутатлар тегишли сўровни мамлакат Бош вазир Олжас Бектеновга юборди. Ташаббусни илгари сурган депутат Ажар Сагандикованинг сўзларига кўра, Қозоғистонда аёллар ўртача 480 дақиқани ишга, яна 246 дақиқасини уй юмушлари ва яқинларига ғамхўрлик қилишга сарфлайди.

“Расмий равишда тенг меҳнат ҳуқуқларига қарамай, аёллар ҳар куни тўланадиган иш, бола тарбияси, уй-рўзғор юмушлари, кексалар ва касал қариндошларига ғамхўрлик қилиш билан шуғулланади”, дейди Сагандикова.

Депутатнинг таъкидлашича, уйда болалар, қариялар ва беморларга деярла барча ғамхўрлик ишлари аёллар зиммасига тушади ва бу кунига жами 13 соат меҳнатни ташкил этади.

“Бу сурункали чарчоқ, ҳиссий чарчаш, ҳаёт сифатининг пасайиши ва соғлиқ учун хавфларнинг ошишига олиб келади. 15 фоизга етадиган гендер маошидаги фарқ қўшимча иқтисодий заифликни келтириб чиқаради”, деди у.

Депутат оғир касал қариндошлари ёки алоҳида эҳтиёжли болаларига ғамхўрлик қилаётган аёллар кунига олти соатга яқин вақт сарфлашини таъкидлади.

“Бундай оилаларда парваришлаш миқдори кунига олти соатни ташкил этади, яъни учинчи “иш куни”дир, бу меҳнат қонунчилигида назарда тутилмаган ва ҳеч қандай махсус кафолатлар берилмаган”, дейди у.

Парламент аъзосига кўра, амалдаги қонунчилик кафолатлари болалар ва қариндошларига ғамхўрлик қилаётган аёлларни алоҳида қўллаб-қувватлашга муҳтож гуруҳ сифатида белгиламайди, иш вақти қисқартирилса, иш ҳақи ҳам камаяди.

Депутат меҳнат ва болалар ёки бемор қариндошларини парваришлаш билан шуғулланувчи аёлларга иш ҳақи ва ижтимоий нафақалар сақланиб қолган ҳолда, қисқартирилган иш ҳафтаси ҳуқуқини Меҳнат кодексида мустаҳкамлаб қўйишни таклиф қилди.

Оғир касаллар ёки алоҳида эҳтиёжли болаларга ғамхўрлик қилаётганлар учун даромадларни камайтирмасдан ёки ҳуқуқларини йўқотмасдан маошини беришни таклиф қилмоқда. Яъни бунда улар корхонадаги вазифасини тугатиши биланоқ уйига кетиши, ишда ортиқча вақтини сарфламаслигига имкониятни назарда тутади.

“Мослашувчан иш жадвалларининг стандарт намуналарини, бундай аёлларнинг масофавий ёки аралаш иш билан таъминлашда устувор ҳуқуқини, иш вақтини қисқартириш ҳуқуқидан фойдаланишда камситишларга йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш зарур”, деди Сагандикова.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев сунъий интеллект (СИ) соҳасини тартибга солиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Қабул қилинган нормалар, хусусан, дипфейкларни яратганлик учун жавобгарликни назарда тутади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Олжас Бектенов Ажар Сагандикова иш соатини қисқартириш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг