Қозоғистонда 12 киши президентликка номзод бўлди. Тўқаевнинг рақиблари кимлар?
Олам
−
12 Октябрь 2022
6817Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси республика президентлиги учун курашмоқчи бўлганлардан аризаларни қабул қилишни якунлади. Бу ҳақда “Interfax” нашри маълум қилди.
“Республика жамоат бирлашмалари томонидан кўрсатилган 12 нафар номзоднинг ҳужжатлари Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилди”, дейди Марказий сайлов коммисияси котиби Мухтор Ерман.
Унга кўра, номзодларнинг қонун талабларига мувофиқлигини текшириш яқин кунларда якунланади. Номзодларни кўрсатиш 23 сентябрда бошланиб, 11 октябрь соат 18:00 да якунига етган.
Хўш, бу номзодлар кимлар?
• Ҳозирги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев номзоди ижтимоий-сиёсий кучларнинг “Халқ коалицияси” томонидан илгари сурилган;
• Мухолифатдаги Миллий социал-демократик партия вакили Нурлан Ауэсбаев;
• “Аманат” касаба уюшмалари республика бирлашмасидан – Мейрам Кажикен;
• “Овул” халқ-демократик ватанпарварлик партиясидан – Жигули Даирбоев;
• “Мукалмас” республика жамоат бирлашмасидан парламентнинг собиқ депутати Нуржан Алтаев;
• Ижтимоий ходимлар миллий альянсидан – жамоат арбоби Каракат Абден;
• Қозоғистон қурувчилар уюшмасидан – унинг раҳбари Талгат Ергалиев;
• “Халқ демографияси” жамоат бирлашмасидан – парламентнинг собиқ депутати Жуматай Алиев;
• “Асар” республика оғзаки ижодкорлар жамоат бирлашмаси вакили Хайрулла Габжалилов;
• "Казак аналари - дестурге жол" ("Қозоқ оналари - урф-одатларга йўл") жамоат бирлашмасидан - ҳуқуқ ҳимоячиси Салтанат Турсинбекова;
• “Қозоғистон футбол ишқибозлари лигаси” томонидан кўрсатилган Давлат даромадлари департаменти ходими Бахит Жанабаев;
• “Амалий психология” жамоат бирлашмасидан Фотима Бизакова.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари 20 ноябрга белгиланган. Қонунчиликка кўра, номзодлар республика жамоат бирлашмалари томонидан кўрсатилади. Ушбу тартиб 23 сентябрда бошланган ва 11 октябргача давом этади. Аризачиларни рўйхатга олиш 21 октябрда якунланади, сайловолди ташвиқоти 18 ноябргача давом этади. Сукунат куни 19 ноябрь бўлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь