Қозоғистон ТИВ мамлакатга “тош отган” россиялик журналистни “қора рўйхат”га киритди

Олам

image

Қозоғистонга Украинада бўлаётган воқеалардан хулоса чиқаришни айтиб, таҳдид қилган арман миллатига мансуб россиялик журналист ва режиссёр Тигран Кеосаян мамлакатга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Қозоғистон ТИВ матбуот котиби Айбек Смадияров маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Тигран Кеосаянни “қора рўйхат”га киритиш қарори собиқ директор Қозоғистон ҳақида салбий фикр билдирган куннинг ўзидаёқ қабул қилинган. Ташқи ишлар вазирлиги зудлик билан уни “персона нон грата” рўйхатига киритишни таклиф қилган. Шу куни тегишли идоралар ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Ҳозирда ҳужжатларни расмийлаштириш каби майда жараёнлар қолган.

Кеосаян нима деганди?

Жорий йилнинг 24 апрель куни Кеосаяннинг YouTube’даги каналида унинг қозоғистонликларни ношукрликда айблаб, Украинадаги аҳволдан хулоса чиқаришга чақирган ҳақоратли видеоси пайдо бўлди.

“Қозоқлар, биродарлар, бу қандай ношукрлик? Йигитлар, сизлар ростдан ҳам Россия қайгадир буғланиб кетди, деган қарорга келдингларми? Марсга кўчиб кетяптими? Ёки сизлар кўчиб кетяпсизларми? Мен Россия Федерацияси фуқароси Тигран Эдмондович Кеосаян шахсий фикримни айтаман. Украинага диққат билан қаранг, жиддий ўйлаб кўринг. Украинага диққат билан қаранг, жиддий ўйлаб кўринг. Ўйлайманки, бизнинг масъулларимиз ҳам муносабатлар даражасини қайта баҳолашлари, қайта кўриб чиқишлари керак. Чунки, азизларим, агар сиз шундай айёр бўлишда давом этаман ва бунинг учун ҳеч нарса бўлмайди деб ўйласангиз, адашасиз”, дейди Кеосаян таҳдидомуз тарзда.

Журналист дунё ўзгарганини, ҳозир уруш вақти эканини таъкидлаб, Қозоғистон ва бошқа давлатлар ўз тарафини белгилаши кераклигини урғулаган.

“Дунё ўзгарди, ҳамма нарса ўзгарди. Ва поезд кетмоқда. Сиз ҳали ҳам охирги вагонга осилиб олишингиз мумкин. Лекин сиз бундай чалқала олмайсиз. Ҳеч бўлмаганда мен бунга ишонаман, чунки ҳамма дўстлик ўйинлари тугади. Энди бу омон қолиш масаласи.

Уруш кетяпти. Икки улкан, катта ғоя, иккита катта давлат ва иккинчи давлат Украина эмас, балки Америка ва НАТОдир. Аммо қолган барча давлатлар, айниқса, қардош давлатлар қатъиятли бўлиб, тараф олишлари керак. Ва биз диққат билан кузатишимиз керак – ким биз билан ва ким йўқ”, дейди Кеосаян.

У бир қарорга келмаган, нодўстона сигналлар берган давлатларга ҳеч бўлмаганда иқтисодий ва ахборот доктринасида душмандек қараш кераклигини таъкидлаб ўтган. Шу билан бирга журналист КХШТ кучлари Қозоғистонда тартибсизликларни бостиришга, ҳукуматни сақлаб қолишга ёрдам берганини айтиб, расмий Нур-Султон 9 май муносабати билан ҳарбий парад ўтказмаслигини танқид қилган.

Тигран Кеосаян “Россия сегодня” халқаро ахборот агентлиги, RT телеканали ва “Sputnik” ахборот агентлигининг бош муҳаррири Маргарита Симоняннинг турмуш ўртоғи ҳисобланади. Юқоридаги оммавий ахборот воситалари Россия асосий пропоганда машинаси ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тигран Кеосаян

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг