Қозоғистон пойтахтидан Нур-Султон номини ўчиришга бир қадам қолди
Олам
−
16 Сентябрь 2022
4506Қозоғистон парламенти етти йиллик президентлик муддати ва Остона номини пойтахтга қайтариш тўғрисидаги ўзгартиришларни маъқуллади. Бу ҳақда “КазТАГ” нашри хабар бермоқда.
“Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламент палаталарининг қўшма мажлисида биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди ҳамда депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Ўзгартиришларга кўра, президентлик бошқаруви муддати етти йилга кўпайтирилади, бироқ сайланиш фақат бир маротаба бўлади. Шунингдек, Қозоғистон пойтахти ўзининг аввалги номи – Остона шаҳрига қайтарилади, Конституциявий суд судьяларининг ваколат муддати эса саккиз йилгача узайтирилади.
Қонун лойиҳаси Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга имзолаш учун юборилган.
“Тўғрисини айтсам, мамлакатимизда муддатсиз президентлик сайловларининг аччиқ тажрибаси бор. Ахир бизда 30 йил ичида фақат иккита Президент бўлди. Иккинчи Президентни кўрмаймиз, деб ўйлагандик. Худога шукр, иккинчи Президентни кўрдик. Агар биз янги меъёрни жорий қилсак, 30 йилда эмас, 14 йилдан кейин иккита Президентга эга бўламиз”, дейди йиғилишда “Ақ йўл” партиясидан депутат Казбек Исо.
Шунингдек, Қозоғистон Адлия вазири Канат Мусин кейинги Президент қабул қилинган тузатишларни бекор қила олмаслигини таъкидлаган.
“Мазкур Конституция амалда экан, бу нормалар ўзгаришсиз қолади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 1 сентябрь куни халққа йўллаган мурожаатида, биринчи беш йиллик ваколат муддати 2024 йилгача тугамаслигига қарамай, шу йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайловларини ўтказишни таклиф қилган. Шу билан бирга, у сайловлардан сўнг президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача, лекин қайта сайланиш ҳуқуқисиз ошириш ташаббуси билан чиққан эди. Энди бир шахс кетма-кет икки мартадан ортиқ республика президенти этиб сайланиши мумкин эмас.
Шунингдек, Қозоғистон парламенти аъзоларидан иборат “Жана Қозоғистон” (Янги Қозоғистон) депутатлар гуруҳи мамлакат пойтахтига Остона номини қайтаришни таклиф қилган эди.
Маълумот ўрнида, Қозоғистон пойтахти 2019 йилнинг март ойида республикани қарийб 30 йил бошқарган Назарбоев президентликдан кетганидан кейин Остона номидан Нур-Султонга ўзгартирилди. Бунгача мамлакат парламенти сенати (юқори палатаси) раиси лавозимида ишлаб келган Қосим-Жомарт Тўқаев давлат раҳбари бўлди. Тўқаев лавозимга киришгач, мамлакат пойтахти Остона шаҳрини биринчи президент шарафига Нур-Султон деб ўзгартиришни таклиф қилди. Шу куни парламент Конституцияга тегишли тузатишларни қабул қилди. Назарбоевнинг ўзи ҳам унинг шарафига ном ўзгартиришга қарши эканлигини бир неча бор таъкидлаган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь