Қозоғистон Германияга технология эвазига хомашё таклиф қилди

Олам

image

Қозоғистон Германияга “технология эвазига хомашё” тамойили бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Германия Федерал канцлери Олаф Шольцнинг учрашувида маълум қилди.

“Қозоғистон немис компанияларини ноёб тупроқ металларини биргаликда қидириш ва қазиб олишга таклиф қилмоқда. Мен минтақада рудаларни бирламчи ва иккиламчи қайта ишлаш билан “технология эвазига хомашё” тамойили бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қиламан. Шу нуқтаи назардан, HMS Bergbau компаниясининг Шарқий Қозоғистон вилоятида литюмни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича 500 миллион доллардан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга оширишни мамнуният билан қабул қиламиз. Биз германиялик инвесторларга мамлакатимиз ҳудудида қимматбаҳо ва рангли металлар конларини қидириш ва ўзлаштириш учун қулай шарт-шароитларни тақдим этишга тайёрмиз”, деди Тўқаев.

Шунингдек, у европалик ҳамкорлар кўмагида Қозоғистон технологик прогнозлаш маркази негизида нодир ер металлари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этишни таклиф қилди.

Билдирилишича, Тўқаев энергетика соҳасини икки давлат ҳамкорлигининг яна бир устувор йўналиши деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Германия бозорига нефть экспортини оширишга тайёр. Шунингдек, мамлакат Президенти углеводородларни узоқ муддатли ва барқарор етказиб беришни таъминлаш учун немис ҳамкорларининг доимий ёрдамига ишонишини маълум қилди. 

У, шунингдек, кеча, 16 сентябрь куни Остонада бўлиб ўтган Қозоғистон-Германия бизнес-форуми чоғида республика Европа Иттифоқига нефть етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёрлигини таъкидлаган. Унинг тушунтиришича, бу глобал энергия ресурслари танқислигини камайтириш учун зарур.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Остонада Германия федерал канцлери Олаф Шольц билан тор ва кенгайтирилган доирада музокаралар ўтказганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Қозоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг