Қозоғистон Эрон ва Исроилни вазминликка чақирди
Олам
−
14 Апрель
3260Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддият кескин кучайганидан хавотир билдирди ва томонларни босиқликка чақирди. Бу ҳақда ТИВнинг Яқин Шарқдаги вазият бўйича баёнотида айтилади.
“Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддият кескин кучайиб бораётганидан чуқур хавотир билдиради ҳамда томонларни босиқлик кўрсатишга ва барча келишмовчиликларни фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш учун зудлик билан чоралар кўришга чақиради”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Қозоғистон халқаро ҳамжамиятнинг минтақадаги вазиятни барқарорлаштириш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.
Аввалроқ Қозоғистон авиация бошқармаси оғир сиёсий вазият туфайли республика авиакомпанияларига Миср, Исроил, Иордания, Ироқ, Эрон, Ливан ва Сурия ҳаво ҳудудидан фойдаланмасликни тавсия қилган.
Эслатиб ўтамиз, Эрон бугун, 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга юздан ортиқ учувчисиз дрон ва ўнлаб ракеталарни учирганди. Исроил армияси ракета ва дронларнинг аксарияти уриб туширилганини айтган бир пайтда, Теҳрон улар Исроил нишонларини "муваффақиятли йўқ қилганликларини" билдирди. Эрон ҳужуми ортидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва G7 мамлакатлари етакчилари вазиятни муҳокама қилиши маълум қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь