Қозоғистон Чегара хизматининг собиқ раҳбари қамалди
Олам
−
26 Декабрь 2023
6849Қозоғистон чегара хизматининг собиқ директори Дархон Дилманов мол-мулки мусодара қилинган ҳолда тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди. Олмаота гарнизони ҳарбий суди уни ўз ваколатини суиистеъмол қилиш ва йирик миқдорда пора олишда айбдор деб топди. Бу ҳақда “Kursiv.media” хабар берди.
Жиноятда бир неча киши иштирок этган. Судда аниқланишича, улардан бири Дилмановга маълум даромад ваъда қилиб, Хитойдан Қозоғистонга товарлар олиб кириш бўйича ноқонуний схемада иштирок этишни таклиф қилган. Дилманов рози бўлган.
“Хитойдан Қозоғистон Республикасига товарларни назорат-ўтказиш пункти орқали унинг чегарасидан чиқмасдан, умумий навбатни четлаб ўтмасдан ўтказиш бўйича ноқонуний схема амалга оширилганлиги сабабли 1750 марта айланиш амалга оширилган, бу эса катта зарарга олиб келган”, дейилади суд хабарида.
Судланувчиларнинг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, ҳарбий низомнинг хулосалари, экспертиза ва ҳужжатли текшириш актлари билан исботланган. Дилманов ва бошқа судланувчилар, биттасидан ташқари, ўз айбларига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишларига пушаймон бўлишган.
Айбланувчилардан бири беш йилга озодликдан маҳрум этилиб, иккинчиси пора миқдорининг 30 баробари, яъни 38 миллион тенгедан (деярли 83 минг доллар) ортиқ жаримага тортилган.
Қолган айбланувчилар 3,5 йилдан 5,5 йилгача бўлган муддатга, мол-мулки мусодара қилинмаган ҳолда, озодликдан маҳрум қилинган. Барча судланганлар давлат хизматида лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этилади.
Шунингдек, суд Қозоғистон Президентига Дилмановни генерал-лейтенант ҳарбий унвони, давлат мукофоти – 2-даражали “Айбин” ордени ва “Республика Миллий хавфсизлик қўмитаси фахрийси” фахрий унвонидан маҳрум этиш тўғрисида таклиф киритган.
Дархон Дилманов 2015 йил июнидан 2022 йил апрелигача Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари – Чегара хизмати директори лавозимида ишлаган.
LiveБарчаси