Қозоғистон билан чегара ўтказиш пункти ёпилади
Жамият
−
18 Октябрь 2019
8315Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан чегарада жойлашган “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пункти 2020 йилнинг биринчи ярмига қадар ёпилади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига асосланиб Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пунктининг вақтинча ёпилишига қайта қуриш ва кенгайтириш ишлари олиб борилиши сабаб қилиб кўрсатилган.
Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб мазкур чегара ўтказиш пунктида пиёда равишда ҳаракатланаётган жисмоний шахслар, енгил автотранспорт ва 3,5 тоннагача юк кўтариш қобилиятига эга бўлган юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати 2020 йилнинг 1 ярмига қадар тўхтатилиши билдирилган.
“Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси товар ҳамда транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, ташувчилар, енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва пиёда равишда ҳаракатланувчи жисмоний шахсларга вақтларини тежаш, сарф-харажатларнинг олдини олиш мақсадида ўзбек-қозоқ чегарасида жойлашган бошқа муқобил ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари мумкинлигини маълум қилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб, ўтамиз, Қозоғистоннинг “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пункти Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Яллама” чегара ўтказиш пунктига туташ ҳисобланади.