Қотилликда айбланаётган Назарбоевнинг “любимчиги”. Салтанат Нукенованинг ўлими ҳақида нималар маълум?

Таҳлил

image

Қозоғистонда ўзининг турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбланаётган собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев устидан суд бўлиб ўтмоқда. 

Ижтимоий тармоқларда марҳума Салтанат Нукенованинг оиласини қўллаб-қувватлаш мақсадида #Салтанатучун деб номланган флешмоб ўтказилмоқда. Қайд этиш жоиз, ушбу флешмобни Ўзбекистонда ва бошқа Марказий Осиё давлатларида ҳам ижтимоий тармоқлар орқали ўтказилаётганини кўриш мумкин. Қозоғистонда оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортувчи қонун қабул қилиниши арафасида, суд жараёни илк бор жонли эфирда намойиш этилди.

Фожиа “Астана Бау” ресторанида 2023 йил 9 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган. Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев ўзининг турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани калтаклаб ўлдирган.

Шу куни Бишимбаев ҳибсга олинди ва унга 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Агар тергов унинг қотилликни алоҳида шафқатсизлик билан содир этганини исботласа, у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Терговни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев шахсий назоратига олган.

Бу жараённинг ўзига хослиги шундаки, амалдорнинг жинояти учун суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ими-жимида ўтиб кетмаётганидадир. 

Ҳакамлар ҳайъати судларининг очиқ трансляцияларини Олий суд веб-сайтида, турли оммавий ахборот воситаларида, YouTube’да кўриш мумкин – бу Қозоғистонда биринчи марта содир бўлмоқда. Бу суд жараёнини ҳамма кузатмоқда: болалар ҳам, такси ҳайдовчилари ҳам.

“Давлатнинг ушбу суд жараёнини онлайн ва жонли тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарори, умид қиламанки, аёллар ҳуқуқлари, хусусан, оиладаги зўравонлик соҳасида жиддий ўзгаришларга олиб келади”, дейди “Зўравонликка чек қўйиш” инсон ҳуқуқлари ташкилоти асосчиси Молдир Албан.

Назарбоевнинг “любимчиги”

Қотилликда айбланаётган Куандик Бишимбаев ҳозир 44 ёшда. Унинг отаси Валихон Бишимбаев 30 йилдан ортиқ вақт давомида республиканинг турли олий ўқув юртларига раҳбарлик қилиб келади.

1996 йилда, 16 ёшида Бишимбаев мактабни тугатди, уч йилдан сўнг, 1999 йилда, Олмаотадаги Давлат бошқарув академиясининг дипломини олди.

Икки йил ўтгач, у бир вақтнинг ўзида иккита университетни тугатди: Тараз давлат университети ва АҚШнинг Жорж Вашингтон университети “Болашак” дастури бўйича (бу аълочи талабалар учун стипендия бўлиб, дунёнинг энг яхши таълим муассасаларида бепул ўқиш имкониятини беради).

Қозоқ матбуоти Бишимбаевнинг оммавий таржимаи ҳолидаги номувофиқликларга бир неча бор эътибор қаратган: уч йил ичида бакалавр даражасини олиш ва кейин бир вақтнинг ўзида турли мамлакатлардаги иккита университетни тугатиш мумкин эмас.

АҚШда таҳсил олиб, Қозоғистонга қайтган Бишимбаев молия соҳасида ишлаган. 26 ёшида у иқтисод фанлари номзоди илмий даражасини ҳимоя қилган, кейин Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, шундан сўнг эса президент Нурсултон Назарбоевнинг ёрдамчиси бўлган.

“Айтишга журъат этаман, у аввалги президентимизнинг севимлиси эди. У доимо телевизорда "энг ёш вазир" сифатида кўрсатилди, яъни у ҳар доим умумий фондан ажралиб турарди”, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Молдир Албан.

2016 йилнинг майидан декабригача Бишимбаев миллий иқтисодиёт вазири бўлган, бироқ коррупцияда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Аммо бир ярим йил ўтгач, у шартли равишда озод қилинди. У энди давлат лавозимларида ишламайди.

Судда Бишимбаев ойига 8 миллиондан 15 миллион тенгегача маош олганини айтди. Бу унинг “Астана Бау” ресторанининг (фожиа содир бўлган) ҳаммуаллифи сифатида олган даромадидир.

“Бишимбаев ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар ва журналистлар узоқ йиллардан бери курашиб келаётган барча ёвузликнинг тимсолини акс эттиради. 10 йилга қамалиши керак эди, лекин ўзи бу чириган тузумнинг юзи бўлган Назарбоев томонидан афв этилдию ва бу асосий сабаблардан бири, шунинг учун ҳозир бутун Қозоғистон бу ишни муҳокама қилмоқда”, дея қўшимча қилади Қозоғистоннинг “Феминита” инсон ҳуқуқлари ташкилоти медиа менежери Аисана Ашим.

Салтанат Нукенова ҳақида

Салтанат Нукенова 1992 йил 15 майда Павлодар шаҳрида туғилган, мактаб, коллеж ва университетни тамомлаган.

“Биз миллиардерлар оиласи эмасмиз, қийин пайтлар бўлган. Ота-онамиз қўллаб-қувватлаши билан Салтанат Америкага, Англияга ўқишга жўнаб кетди”, дейди марҳуманинг укаси Айтбек Амангелди.

Укасининг айтишича, Салтанат астролог бўлган. Бишимбаев Нукеновани Инстаграмда юритган блоги орқали таниган. 

Уларнинг муносабатлари тез ривожланиб, олти ойдан камроқ вақт ўтгач, 2022 йил декабрь ойида тўй қонуний рўйхатдан ўтмасдан нишонланган. Орадан бир неча ой ўтиб, 2023 йилнинг март ойида Салтанат укаси Айтбекка юзида кўкаришлар бор суратини юборган. Шундан сўнг ука ва Бишимбаев ўртасида жанжал юз берган.

Бошқа гувоҳларнинг айтишича, безорилик мунтазам равишда содир бўлган. Салтанат Бишимбаевни бир неча бор тарк этишга уринган, аммо суд жараёнида маълум бўлишича, Бишимбаев уни интим видео билан шантаж қилгани учун ажрашишдан қўрққан.

Фожиа

2023 йил 8 ноябрь куни кечқурун Бишимбаев ва Нукенова Қозоғистон марказий концерт залида россиялик қўшиқчи Дима Биланнинг концертига келишган. Аммо концерт вақтида эр-хотин жанжаллашиб қолган. Улар концерт тугамасидан Астана Бау ресторанига йўл олишган. Бишимбаевлар оиласига тегишли бўлган ушбу ресторанда уларнинг тўйи деярли бир йил олдин бўлиб ўтган ва Нукенова ўша ерда ўлдирилган. Бишимбаев уни тун бўйи калтаклаган.

Дастлаб Нукенова ресторан ҳожатхонасида калтакланган. 

“Буруннинг майдаланган синиши шаклланиши учун одамни ҳожатхона унитазига уриш керак”, дейди суд-тиббиёт эксперти Тоҳир Халимназаров.

Нукенованинг иккинчи калтакланиши эрталаб соат 07:00 атрофида ресторан залида содир бўлган, буни кузатув камераларидаги ёзувлар ҳам тасдиқлайди.

Шундан сўнг, Бишимбаев Нукенованинг сочидан судраб, рестораннинг видеокузатув камералари бўлмаган кабинасига олиб кирган. Салтанат эса у ердан тирик чиқмаган.

Тез ёрдам Бишимбаевнинг қариндоши Бахитжан Байжанов томонидан соат 19:55 да – Нукенова калтакланганидан 12 соатдан кўпроқ вақт ўтиб чақирилган. Салтанат Нукенованинг ўлимига ёпиқ бош мия жароҳати сабаб бўлган. Шунингдек, марҳуманинг жасадида бўғилишга мос келадиган жароҳатлар топилган.

Оилавий зўравонлик тўғрисидаги қонун

Оиладаги зўравонликка қарши кураш масаласи Қозоғистон учун оғриқли нуқта. Ҳар йили камида 80 нафар аёл уйдаги зўравонликлар сабабли вафот этади. Ҳар куни полиция жабрланувчилардан 300 та баёнот олади.

Салтанат Нукенованинг ўлдирилиши муносабати билан юзага келган норозилик оилавий зўравонлик тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишига таъсир кўрсатди – қонун Сенатда маъқулланди ва президент томонидан имзоланди.

Билдирилишича, қонун ҳужжатларида аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай тури учун жазо чоралари кучайтирилмоқда. Қонун билан қасддан соғлиққа енгил, ўрта ва оғир даражада шикаст етказиш, шунингдек, калтаклаш учун жиноий жавобгарликка тортиш каби нормалар, хусусан, жарималар, жамоат ишлари ва 50 суткагача қамоқ шаклидаги жазолар жорий этилмоқда. 

Бундан ташқари, қонунда оила масалалари, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоқа маркази фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш, келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича аниқ чора-тадбирлар тўғрисида маълумот беришни давлат органларига юклаш, оилавий зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатадиган оилаларни қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тартибга солиш кабилар белгилаб қўйилди. 

“Бу жараён тарихда қолади ва узоқ давом этадиган оқибатларга олиб келиши мумкин. Ҳокимиятда ҳали ҳам шундай Бишимбаевлар кўп. Шу боис фуқаролик жамиятини ривожлантириш нуқтаи назаридан суд ижобий маънога эга”, дейди сиёсатшунос Дўсим Сатпаев.

Ўзбекистондаги оилавий зўравонликлар

Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1-чорагида 4 минг 343 нафар шахс оилавий (маиший) зўравонлик бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди. 

Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 1-чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 318 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 97 нафарига жарима жазоси, 221 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Таққослаш учун ўтган йили ушбу модда бўйича 666 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 233 нафарига жарима жазоси, 433 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шу йилнинг биринчи чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4 минг 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 2 минг 344 нафарига жарима жазоси, 1 минг 999 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди. 2023 йилда эса худди шу модда билан 8 минг 928 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 5 минг 229 нафарига жарима жазоси, 3 минг 699 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси берилган.

Жорий йил Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 134 нафар шахс судланиб, уларнинг 51 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 83 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. 2023 йилда эса Жиноят кодексининг ушбу моддаси билан 203 нафар шахс судланиб, уларнинг 59 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 144 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар берилган.

Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан 40 нафар шахс судланиб, уларнинг 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 27 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Ўтган йили эса Жиноят кодексининг шу билан 48 нафар шахс судланиб, уларнинг 7 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 41 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Куандик Бишимбаев Салтанат Нукенова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг