Қошиқчининг сирли ўлимига бир йил тўлди

Олам

image

2018 йилнинг энг шов-шувли, энг сирли воқеасига кеча, 2 октябрь куни бир йил тўлди. Шу муносабат билан Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Саудия Арабистони консуллиги биноси ёнида Жамол Қошиқчини хотирлаш маросими ўтказилди. Маросим Жамол Қошиқчи бундан бир йил консуллик биносига кирган вақт соат 13:14 да бир дақиқалик сукут билан бошланди. 

Унда Жамол Қошиқчининг қаллиғи Ҳадича Ченгиз, Турк-араб медиа уюшмаси раҳбари Туран Қишлоқчи, мисрлик сиёсатчи Эймен Нур, Чегарасиз журналистлар ташкилотининг туркиялик вакили Эрол Ўндерўғлу, "Washington Post" газетаси ва "Amazon"  интернет-дўкони асосчиси Жефф Безос ва  кўплаб расмийлар иштирок этди. 

Маросимда Жамол Қошиқчининг суратлари ва видеолари жамланган ролик намойиш этилди. Шунингдек, Қошиқчининг вафотига бир йил тўлиши муносабати билан унинг хотирасига ўрнатилган рамзий қабртошларнинг очилиши бўлиб ўтди. 

Жамол Қошиқчи 2018 йилнинг 2 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Саудия Арабистони Бош консулхонасига фуқаролик масаласини ҳал қилиш учун борган. У ерда уни Саудиядан келган гуруҳ вакиллари ушлаб ўлдирган. Жасад бўлакларга бўлиниб, консулхонадаги қудуққа яширилган.

Саудия Арабистони Қошиқчи ўлдирилганини қотиликдан 18 кун ўтиб, 20 октябрь куни тан олган. Саудияда жиноят иши очилиб, 5 нафар юқори мартабали амалдор ишдан олинган, 21 нафар гумонланувчи қўлга олиниб, уларнинг 11 нафарига айблов эълон қилинган. Прокурор айбланувчиларга умрбод қамоқ жазоси сўраган.

“Al Jazeera” телеканалининг “Daily Sabah” газетаси билан ҳамкорликда ишловчи мухбири Назиф Караманнинг маълумотларига кўра, Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига чақирилган Жамол Қошиқчининг сўнгги сўзлари: “Нафас оломаяпман, пакетдан бошимни чиқаринглар”,  бўлган.

Қайдларга кўра, Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши тахминан 7 дақиқа давом этган.

Шу кунларда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Жамол Қошиқчининг вафоти билан боғлиқ воқеани яна кун тартибига чиқармоқда. У сентябрь ойи охирида ўтган БМТ Бош ассамблеясининг 74-сессиясида ҳам минбардан туриб Жамол Қошиқчи ўлдирганлар жинояти учун жавоб бериши кераклигини талаб қилди. Қолаверса, Президент АҚШ оммавий ахборот воситалари учун ёзган мақоласида Жамол Қошиқчининг сирли ўлимини 2001 йилда содир этилган 11 сентябрь воқеаларини инобатга олмаса, XXI асрнинг энг мудҳиш жинояти, деб таърифлади. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Жамол Қошиқчи

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг