Қоронғулик дунёси. Мафиозлар оламига саёҳат

Бу қизиқ

image

“Бегоналар олдида ўйлаганингни асло тилингга чиқара кўрма”.
Марио Пьюзо “Чўқинтирган ота” романидан.

Қоронғулик дунёси деганда инсон тасаввурида биринчи навбатда ер ости гавдаланади. Аммо, биз яшаб турган мазкур оламда ҳам шундай қоронғу ва сирли ҳаёт мавжудки, у ер остидаги ҳаётдан сира ҳам фарқ қилмайди. Оддий инсон кўзи бу қоронғулик ортида яширинган сирларни кўриш учун ожизлик қилади. Бу сирли дунё “мафия олами” деб аталади. Мафия тўдалари деярли барча мамлакатларда бўлиб, улар асосан қурол, гиёҳванд моддалар савдоси, қимор бизнеси билан шуғулланади. Мафия гуруҳлари ўз рақибларини шафқатсизларча йўқ қилишга одатланган.

1972 йилда машҳур ёзувчи Марио Пьюзо томонидан ёзилган “Чўқинтирган ота” романи мафия сирларини дунёга фош этди. XX асрда криминалистик жанрда турли фильмлар суратга олинди. Буларнинг барчаси дунё бўйлаб мафия ҳақида ҳар хил миш-мишларнинг урчишига сабаб бўлди. Бугунги мақоламизда криминал дунёга саёҳат қилиб, энг кучли мафия оилалари ҳамда шафқатсиз жиноятчилар тўдаси ҳақида сўз юритамиз.

Ямайка-Британия Ярдийлари

Мафия сўзи итальянчадан олинган бўлиб, бу сўз зўрлик, қўрқитиш, террор, қотиллик усули билан иқтисодий ва сиёсий мақсадларга эришиш учун тузилган махфий гуруҳларга нисбатан ишлатилади. Илк мафия тўдаси XVIII аср охири XIX аср бошларида Италиянинг Сицилия оролида пайдо бўлган. XX асрда мафия фаолияти деярли дунёнинг барча шаҳарларида авж олди.

Ўтган асрнинг 50-йилларида Ямайкадан Буюк Британияга минглаб муҳожирлар кўчиб кела бошлади. Дастлаб ярдийлар кичик гуруҳ бўлиб кўчаларда талончилик билан шуғулланди. Аслида ярдий номи илк бор Ямайканинг Тренчтаун районида бўрон талафотларидан сўнг вақтинчалик уй-жой сифатида қурилган камбағал маҳаллаларга берилган.

Бу жиноий тўда 80-йилларда кучга тўлди. Улар асосан қурол ва гиёҳванд модаллар (марихуана ва кокаин) савдоси билан шуғулланади. 1993 йилда Ярдийлар тўдаси полициячи Патрик Данннинг ўлимида айбланган. 2000 йилнинг бошида улар бошқа маҳаллий “Aggi Crew” жиноий тўдаси билан қонли тўқнашувда қатнашган. Ярдийлар бошқа мафия тўдалари каби катта оила эмас, фақат бир гуруҳ бўлган. Шунинг учун улар ҳукумат ва полиция билан алоқа қилмайди. Вақт ўтиши билан жиноий гуруҳнинг кўплаб аъзолари қўлга олинган. Ҳозирда Британия ҳукумати ярдийлар устидан қатъий назорат ўрнатган.

Албания мафияси

Маълумки Албанияда жуда кўплаб жиноий гуруҳлар мавжуд. Аммо, буларнинг ичида “Албан саккизоёғи” номи билан машҳур бўлган тўда қолган гуруҳлардан анчайин кучли. Албан мафияси ўзининг фаолиятини ўтган асрнинг 80-йилларида бошлаган. Бу жиноий тўда асосан алкаголь, тамаки, героин, автомобиль ва одам савдоси билан шуғулланади. 1990 йилда Совет Иттифоқи парчалангач, бу тўда Европа бўйлаб кенгроқ ёйилди. Бугунги кунда Албания мафиозлари глобал жиноий майдонда муҳим роль ўйнайди. Маълумотларга кўра, уларнинг аъзолари, ҳатто, АҚШ ва Буюк Британияда ҳам мавжуд. Албан мафиясининг ўзига хос хусусияти, улар қасос олишда душманни шафқатсизларча жазолайди.

"Яҳудий" ёки "Исроил" мафияси

Яҳудий мафияси XIX аср охирида АҚШда ташкил топган уюшган жиноий гуруҳдир. Бу мафия тўдаси Чикагодаги энг кучли жиноий гуруҳ ҳисобланган. 30-йилларда Европадан АҚШга яҳудий қочқинларининг кўчиб келиши оқибатида бу гуруҳнинг сафи кенгайди. АҚШга кўчиб келган муҳожирлар орасидан Меер Лански ва голландиялик Шульц каби келажакдаги машҳур мафиозлар етишиб чиқди. Яҳудий мафияси сафига италияликлар ҳам қабул қилинган. Аста-секин бу жиноий тўда кучга тўлиб, АҚШда италиялик гуруҳлар билан ҳамкорликда ҳудудларни бўлиб олиб бошқарган. Яҳудий мафиясининг аъзолари бошқа жиноий гуруҳлардан фарқли ўлароқ асосан бухгалтерия ишларини назорат қилган. Яҳудий мафияси вакиллари шафқатсиз қотиллар сифатида донг таратган.

Хитой Триадаси

Бугунги кунда Хитой жадал суратда ривожланиб, жаҳон тараққиётида етакчи мамлакатлардан бирига айланди. Шу ўринда Хитойдаги мафия гуруҳлари ҳам дунёга анчайин ном таратган. Булар орасида “Триада” деб аталувчи жиноий гуруҳ бошқа тўдалардан анчайин кучли. Тахминларга кўра, Триадалар XVIII асрда Тайван оролида пайдо бўлган.

Триада гуруҳи яширин жиноий ташкилотнинг бир шакли ҳисобланади. Бу мафия Тайвань, Вьетнам, Малайзия, Индонезия, Филиппин ва АҚШ каби давлатларда кенг ёйилган. Триада аъзолари Нью-Йорк, Лос-Анжелес, Сиэтл, Ванкувер ва Сан-Франциско шаҳарларида жуда фаол. Тахминларга кўра, Триада аъзолари 30 000 дан ортиқ бўлиши мумкин. Улар асосан Хитой валютасини қалбакилаштириш, одам савдоси ва контрабанда билан шуғулланади. 2006 йилги Europol (Европа Иттифоқи полиция хизмати) ҳисоботида қайд этилишича, Хитой мафия гуруҳлари Европа Иттифоқида одам савдоси бўйича етакчилар сифатида қайд этилган. Унга кўра, Европада хорижликлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ярмига яқини хитойликлар ҳиссасига тўғри келган.

Колумбия наркокартеллари

Колумбия Европа ва АҚШга гиёҳванд моддалар етказиб бериш бўйича етакчи давлат ҳисобланади. Колумбия 1993 йилдан 1999 йилгача дунёдаги асосий кокаин ва героин экспорт қилувчи мамлакат бўлган. 2011 йил ҳолатига кўра, Колумбия ҳали ҳам дунёдаги энг йирик кокаин ишлаб чиқарувчиси. Пабло Эскобар ва Карлос Ледер Колумбия наркобизнесининг икки “устун”и ҳисобланган. Бу мамлакатда гиёҳвандлик бизнесининг жадал ривожланиши асосан 1960-1970 йиллар оралиғини ўз ичига олади.

Ўтган асрнинг 70-йилларининг бошида АҚШ ҳукумати гиёҳвандликка қарши уруш эълон қилди. Шундан сўнг, АҚШ ва Европа Колумбия ҳукуматига гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш бўйича молиявий, ҳарбий, тактик ёрдам кўрсатишни бошлади. Баъзи маълумотларга кўра, 2000 йилда Колумбияда кокаин ишлаб чиқариш энг юқори чўққига чиққан палла бўлган. 2010 йилга келиб кокаин ишлаб чиқариш 60 фоизга камайган. Аммо бошқа маълумотларга қараганда, Колумбияда 2001 йилда 463 тонна кокаин моддаси ишлаб чиқарилган бўлиб, 2006 йилда бу кўрсаткич 610 тоннага кўтарилган. 

2017 йилги маълумотларга кўра, Колумбияда 1 килограмм кокаиннинг нархи 1500 долларни ташкил этган. АҚШда эса 1 килограмм кокаиннинг нархи 50 минг доллар ҳисобланади. Гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқаришнинг катта ҳажмига қарамай, Колумбия аҳолисининг гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш даражаси АҚШ ва Европа мамлакатларининг аҳолисига қараганда анча паст.

Якуза мафияси

Якуза Япониядаги уюшган, етакчи жиноий гуруҳ ҳисобланади. Бу тўдага XVII асрда асос солинган. Якуза аъзолари “гокудо” номи билан ҳам танилган. Норасмий маълумотларга кўра, бу тўданинг 110 мингга яқин аъзоси бўлиб, улар 2500 дан ортиқ гуруҳларни ташкил қилади. Якуза аъзоларининг асосий белгиси кесилган бармоқ ва танага чизилган татуировкалар ҳисобланади.

2011 йилда Японияда содир бўлган фалокат мамлакатга катта зарар етказди. Шу вақтда Якуза мафияси ҳукуматга биринчилардан бўлиб ёрдам берган. Бу тўда асосан яширин қимор ўйинлари, фоҳишалик, гиёҳванд моддалар, қурол ва ўқ-дорилар савдоси ҳамда контрабанда билан шуғулланади.

Рус мафияси

Рус мафияси Совет Иттифоқи даврида пайдо бўлган бўлиб, ҳозирда ҳам бутун дунёда катта таъсирга эга. Маълумотларга кўра, тўданинг 100 мингдан 500 минггача аъзоси бор. Рус мафияси Исроил, Венгрия, Испания, Канада, Буюк Британия, АҚШ, Россия каби мамлакатларда кенг ёйилган. Улар асосан гиёҳванд моддалар, қурол савдоси ва контрабанда билан шуғулланади. Агар тўда аъзоларидан бирортаси полиция қўлига тушиб, “гуллаб” қўйса, қамоқхонада ёки озодликка чиққач, йўқ қилинган. Рус мафияси Совет ҳукумати, ҳатто, КГБ вакиллари билан ҳам тил бириктирган. Мафиянинг энг кучга тўлган вақти 80-йилларга тўғри келади. Ўша вақтда СССР Афғонистонга қўшин киритиши ортидан рус мафияси ҳам Афғонистонга кириб, Тожикистон ва Ўзбекистон орқали наркотик моддаларни бутун иттифоқ бўйлаб тарқатган.

1990 йилда СССР парчалангач рус мафияси ўз қудратини бироз йўқотди. Мафия корчалонларининг кўпчилиги Россияни тарк этди.

“Cosa Nostra” Сицилия мафияси

“Cosa Nostra” Сицилия тилидан олинган бўлиб, “бизнинг ишимиз” деган маънони англатади. Тарихий маълумотларга кўра, айнан Сицилия оролида биринчи мафия тўдалари пайдо бўлган. Сицилия мафияси қандай пайдо бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Баъзи тарихий манбаларда Сицилия мафиясининг ибтидоси ўрта асрларга бориб тақалиши ҳақида фактлар учрайди.

Бир ярим миллиондан ортиқ қашшоқлашиб қолган сицилияликлар XIX аср охири XX аср бошларида янги ҳаёт орзусида Америкага кўчиб келган. Уларнинг орасида кўплаб мафия аъзолари ҳам бўлган. АҚШга келган мафия тўдалари дастлаб бойларнинг уйини тунаб, кун кўришган. Вақт ўтиши билан улар шаҳарларда қиморхоналар очиб, шу йўл билан дастлабки бизнесларини йўлга қўйишган. Ўша вақтда Америкада қимор бизнесини очиш учун барча шарт-шароитлар етарли эди.

Вақт ўтиши билан мафия аъзолари ҳокимият вакиллари билан яқинлашиб, уларга пора беришди. Ҳукумат вакилларини ўз томонига оғдириб олган “Cosa Nostra” аъзолари гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллана бошлади. Улар Нью-Йорк ва Чикаго шаҳарларини ўз назоратларида ушлаб туришган. 

“Cosa Nostra” мафиясининг энг машҳур гангстерлардан бири Ал Капоне ҳисобланади. Ал Капоне АҚШдаги мафия тўдаларини бир оила қилиб бирлаштириш ғоясини илгари суради. Бу ғояни таниқли мафиоз Лаки Лучано қўллаб-қувватлайди. Тахминан, бу жиноий тўданинг аъзолари тўрт минг кишига яқин. “Cosa Nostra” мафия оиласини “Дон” (италиянчада Художўй ота) бошқарган.

Мафия тўдалари ҳақида маълумотлар жуда кам. Уларни излаб топиш ҳам мураккаб. Чунки мафия гуруҳлари ўзларини ошкор қилишни ёқтирмайди. Келгуси мақоламизда машхур мафия отаси Ал Капоне ҳақида батафсил маълумот берамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1351

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг