Қорақалпоғистонда браконьерлар Қизил китобга киритилган 13 бош жайронни отиб ўлдирди
3-саҳифа
−
27 Январь 2023
8336Қорақалпоғистон Республикасининг “Борсакелмас” давлат қўриқхонасида Қизил китобга киритилган 13 бош жайронни отиб ўлдирган браконьерлар қўлга олинди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги маълум қилди.
Кеча, 26 январь куни тахминан соат 20:30 да фуқаролар – Ж Е. ва М.И. қонунга хилоф равишда мототранспорт воситаси ёрдамида тегишли рухсатномаси олинмаган ов милтиғи билан Қизил китобига киритилган, йўқолиб бораётган ноёб тур ҳисобланган 13 бош жайрон (кийик)ни отиб жонсиз ҳолатда олиб кетаётган пайтида ушланган.
Браконьерлар 16 калибрли бир стволли бир дона ов милтиғи, жами 35 дона, шундан 16 дона отилмаган ва 19 дона ишлатилган ов милтиғи ўқлари ҳамда 13 бош отиб нобуд қилинган жайронлар ашёвий далил сифатида олинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолатда “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги ҳамда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунларнинг тегишли моддалари талаблари қўпол равишда бузилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича дастлабки суриштирув ишлари амалга оширилиб, ҳайвонот дунёсига етказилган зарар миқдори ҳисобланмоқда.
“Ҳайвонот оламига ваҳшийларча муносабатда бўлиб, жиноят содир этган ҳуқуқбузарларга нисбатан чора кўриш учун тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига тақдим этилмоқда. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда машинасида йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган бир бош Европа кийигини ҳужжатсиз олиб юрган шахслар аниқланганди.
LiveБарчаси