Қорабулоқда отишма юз берди (видео)
Олам
−
03 Март
25740Россия Федерацияси таркибига кирувчи Ингушетия республикасида кеча, 2 март куни кечқурун номаълум шахслар полиция билан отишмага киришди. Бу ҳақда “Кавказ.Реалии” хабар берди.
Миллий аксилтеррор қўмитаси Қорабулоқ шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “террорчилик жиноятларини режалаштирган бир гуруҳ жангарилар” билан жангга киришганини маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода портлашлар ва пулемётдан ўқ отиш овозлари эшитилган, сўнгра тураржой биносига снаряд учиб ўтгани ва портлагани тасвирга тушган.
“База” Telegram канали бугун, 3 март куни эрталаб отишма чоғида тасодифий ўткинчи ўлдирилгани ҳақида хабар берди, бироқ ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин бўлган “Розыск Ингушетия” Telegram канали буни рад этди.
Унинг хабарига кўра, Федерал хавфсизлик хизмати махсус бўлинмалари Осканова кўчасидаги кўп қаватли уйда улар билан жангга кирган қуролли одамларни тўсиб қўйган.
Маълумотларга кўра, Қорабулоқда 2 март куни Москва вақти билан соат 19:30 дан бошлаб аксилтеррор операция режими амал қилмоқда. Операция ҳудуди тўртта кўча (Рабочая, Осканова, Набережная ва Жабагиева) билан чекланган.
Бугун, 3 март куни эрталаб хавфсизлик кучлари ИШИД халқаро террорчилик ташкилоти аъзолари яширинган кўп қаватли уйда текширув тадбирларини якунлагани хабар қилинган. Россия давлат ахборот агентликларига кўра, олти нафар жангари топилган. ТАСС’нинг ёзишича, шаҳарда аксилтеррор операция режими ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Ингушетия раҳбари Маҳмуд Али Калиматов минтақа аҳолисини хотиржамликка ва фақат расмий маълумотларга ишонишга чақирди.
LiveБарчаси