Қорабоғ бўйича келишувдан воз кечиш Арманистон учун ўз жонига қасд қилиш бўларди – Путин
Олам
−
18 Ноябрь 2020
10896Арманистон Озарбайжон билан Тоғли Қорабоғ бўйича эришган келишувидан воз кечганида бу мамлакат учун ўз жонига қасд қилиш бўларди. Келишувни имзолашга бош бўлган Россия Президенти Владимир Путин шундай фикр билдирди.
“Бу ўз жонига қасд қилиш бўларди. Бош вазир Пашинян, албатта, бу унга оғир, аммо у биз уч томонлама баёнот имзолаган вақтдаги ҳақиқий манзарани, ҳақиқий вазиятни баҳолай олди. Мен ҳеч нима қўшимча қилолмайман. У барча ҳақиқатни айтди”, деган Путин “Россия 24” телеканали эфирида.
У келишувга амал қилиш ёки қилмаслик ҳар бир давлатнинг ўз иши эканини таъкидлаган ҳолда мажбуриятларни бажармаслик улкан хато бўлишини қўшимча қилди.
“Умид қиламанки, бундай бўлмайди”, деган Россия етакчиси.
Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрда Тоғли Қорабоғда вазият ёмонлашганди, баҳсли ҳудудда фаол жанглар бошланганди. Баку ва Ереван 1988 йил февралидан бошлаб Озарбайжон ССР таркибидан чиққанлигини эълон қилганидан бери минтақага эгалик қилиш масаласида баҳслашмоқда. 1992-1994 йиллардаги қуролли тўқнашув пайтида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ва унга қўшни етти вилоят устидан назоратни йўқотганди.
9 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилиши тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар. Ҳужжат, хусусан, Россиядан тинчликпарвар кучларни минтақага жойлаштиришни назарда тутади.
LiveБарчаси