“Қонли йил”. Саудияда қатллар сони бўйича рекорд янгиланди
Олам
−
15:49 3909 2 дақиқа
Саудия Арабистони бир йил ичида амалга оширилган қатллар сони бўйича ўзининг аввалги рекордини янгилади. Уларнинг аксарияти гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун амалга оширилган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида қатлларни кузатиб борувчи Британиянинг Reprieve ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти жорий йилда камида 347 киши қатл этилганини қайд этган. Таққослаш учун, 2024 йилда 345 та қатл амалга оширилган.
Баёнотда жорий йил “қиролликда мониторинг бошланганидан буён энг қонли қатл йили” бўлгани таъкидланади. Қайд этилишича, охирги қатл этилганлар гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилган Покистоннинг икки фуқароси бўлган. Улардан аввал журналист ҳамда намойишлар билан боғлиқ жиноятларда айбланган, жиноят содир этилган вақтда вояга етмаган бўлган икки нафар ёш фуқаро қатл этилган. Шунингдек, беш нафар аёл ҳам қатл қилинган.
Ташкилот маълумотларига кўра, уларнинг аксарияти тахминан учдан икки қисмига гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун ҳукм ўқилган бўлиб, БМТ буни “халқаро нормалар ва стандартларга зид” деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, қатл этилганларнинг ярмидан кўпроғи чет эл фуқаролари бўлган.
Саудия расмийлари қатллар сонининг ошиши борасида изоҳ бермаган. Мамлакатнинг ҳозирги раҳбари Муҳаммад ибн Салмон 2017 йилда валиаҳд шаҳзода бўлганидан буён мамлакатни тубдан ўзгартирди: ижтимоий чекловларни юмшатди, бироқ танқидни қатъий бостирди. У Саудия Арабистонини ташқи дунёга очди, кўчалардан диний полицияни олиб ташлади ва аёлларга автомобиль бошқаришга рухсат берди.
Шу билан бирга, АҚШда жойлашган Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига кўра, мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳануз “ўта ташвишли” бўлиб қолмоқда, қатл даражасининг юқорилиги эса жиддий хавотир уйғотмоқда. Ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, сўнгги йилларда фақатгина Хитой ва Эрон Саудия Арабистонига қараганда кўпроқ одамни қатл қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Олий суди 30 ёшли боксчи ва сиёсий маҳбус Муҳаммад Жавад Вафоэи Санининг қайта суд қилиш ҳақидаги илтимосини рад этганди ва унга нисбатан ўлим жазосини ўз кучида қолдирганди.
Live
Барчаси