“Қонли январь” учун 50 дан ортиқ кишига ҳукм ўқилди

Жамият

image

Қозоғистонда “қонли январь” воқеаларида иштирок этган 50 дан ортиқ кишига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда бугун, 21 февраль куни бўлиб ўтган брифингда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги тергов бошқармаси бошлиғи Санжар Одилов маълум қилган. 

"Январь воқеалари бўйича 107 нафар гумонланувчига нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари айблов хулосаси билан якунланди. Бу ишларнинг асосий қисмини ўғирлик – 65, ноқонуний қурол сақлаш – 11, уларни ўғирлаш – 7 ва бошқалар ташкил этади", дейди Одилов. 

Унга кўра, 86 нафар айбланувчи судга тортилган. 

“Бугунги кунга қадар мамлакатимиз судлари томонидан содир этилган жиноятнинг тури ва оғирлигини инобатга олган ҳолда 52 нафар шахсга, жумладан, 39 нафарига озодликни чеклаш, 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Икки шахсга нисбатан иш томонларнинг ярашуви туфайли тугатилди”, деб маълум қилган ИИВ вакили. 

Қозоғистондаги намойиш

Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.  

5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.

7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 

13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг