“Қонли январь” Назарбоев эмас, Тўқаевга қаратилган қўзғалонмиди?
Олам
−
18 Февраль 2022
8453Қозоғистонда рўй берган “қонли январь” воқеаларининг асосий мақсади мамлакатдаги амалдаги Ҳукуматни ағдариш бўлган. Исёнчилар, ҳатто, Президент қароргоҳи “Оқўрда”ни ҳам қўлга олиш режасини тузган. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев “Qazaqstan” телеканалига берган интервьюсида гапирган.
“Қонли январь” воқеларидан сўнг, баъзи Россия сиёсатчилари қўзғалончилар Қозоғистонда мамлакат Президентини қўлга олиб, уни давлат раҳбарлигидан ағдариш ёки мамлакатдан чиқариб юборишни кўзлагани ҳақида фикр билдирган эди. Тўқаев ўз интервьюсида экспертларнинг фикрига жавоб қайтарди.
Унинг таъкидлашича, Россия махсус кучлари Қозоғистондаги сиёсий воқеларни диққат билан кузатади.
“Катта эҳтимол билан бу Россия махсус кучларининг фикри. Балки бу тўғридир, ахир улар бизнинг мамлакатимизда содир бўлаётган воқеаларни жуда диққат билан кузатиб боришади. Қандай бўлмасин, олдиндан тайёргарлик кўрган қуролли тўдалар ҳокимиятни эгаллаб олишни хоҳлашган. Шундай экан, хорижлик экспертларнинг гапларида қисман ҳақиқат бор”, деган Президент Тўқаев.
Президент воқеаларнинг асосий сабачиларини топиш ва уларни жазолашни мақсад қилган.
“Биз ҳамма нарсани синчковлик билан ўрганиб чиқиб, ҳаққоний баҳо беришимиз керак. Сабр таги-сариқ олтин деганларидек, бу масалада шошилмаслик керак, унга эҳтиёткорлик билан ва ўйлаган ҳолда ёндашиш керак. Қизиққонлик билан қарор қабул қилиб бўлмайди. Биз, албатта, ҳақиқатнинг тагига етишимиз керак ва мен ўз олдимга шу мақсадни қўйганман”, дея қўшимча қилган Қозоғистон раҳбари.
Қозоғистондаги намойиш
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади.
13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.
LiveБарчаси