“Қонли январь” фожиасида жамоасини ташлаб қочган “Турк ҳаво йўллари” раиси лавозимидан “учди”
Олам
−
12 Февраль 2022
12434“Турк ҳаво йўллари” авиакомпанияси бошқарув кенгаши раиси Илкар Айчи “қонли январь” воқеалари содир бўлаётган вақтда экапаж аъзоларини Олмаотада қолдириб, ўзи турмуш ўртоғи билан Қозоғистонни юк самолётида тарк этгани учун лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
Бир вақтлар Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг маслаҳатчиси лавозимида ишлаган Илкар Айчи январь ойи бошида таътилни ўтказиш учун Қозоғистонга борган. Мамлакатда намойишлар авж олиб, қалтис вазият юзага келгач, у рафиқаси Тугче Саатман-Айчи билан юк ташувчи самолётда Туркияга қайтиб келган.
Авиакомпания ишчилари, хусусий авиаташувчиларнинг айрим ходимлари ва Туркия фуқароларини Олмаотадан эвакуация қилган самолёт 11 январгача Қозоғистонга етиб бормаган.
Айчи экипажни ташлаб, рафиқаси билан Туркияга қайтгани ҳақидаги маълумот мамлакат жамоатчилиги орасида танқидларга сабаб бўлди. 28 январ куни унинг истеъфога чиқиши ҳақида гаплар тарқалди.
Маҳаллий ОАВ Айчи Қозоғистонга ишбилармонларнинг илтимосига кўра келганини, ярим иш сафари, ярим таътилда бўлганини ёзмоқда.
“Қозоғистон дўст давлат. Мен ҳар доим ўзимни хавфсиз ҳис қилган мамлакат. Биз у ерда бўлганимизда улар хавфсизлик чораларига охиригача риоя қилишди. Чоршанба куни эрталаб қайтишга тайёргарлик кўраётганимизда, "Йўлда вазият яхшимас" деган гапни эшитдик, бу тартибсизлик ҳукм сураётганидан далолат эди. Ўша кечаси тартибсизликлар бошланиб, вазият кескинлашиб кетди. Аэропортга ҳужум уюштирилди”, дейди Айчи.
Авиакомпаниянинг собиқ раиси сўзларига кўра, Олмаотада Туркия ҳукумати ва қозоғистонликлар билан музокаралар олиб борилган. Айчининг Қозоғистонда бўлгани ҳақидаги хабарлар оқими ҳар соатда ортиб бораётгани сабабли ундан Туркияга қайтиши сўралган.
"Улар: "Сизни ҳозир жўнатамиз, кейинроқ жамоани юборамиз. Сизнинг бу ерда бўлишингиз хабарларга оқимининг ортишига олиб келади”, дейишди. Менга жамоа кейинроқ келади, деб ваъда беришди. Юк ташувчи самолётда тўртта ўриндиқ бор эди. Мен имкон қадар тезроқ ватанимга қайтдим”, дейди Айчи.
Эслатиб ўтамиз, тартибсизликлар бошланганида кўплаб хорижий давлатлар, жумладан Туркия ҳам Қозоғистонга парвозларни тўхтатган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь