Қонли ҳужум: 16 ёшли ўсмир мактабда 4 кишини ўлдирди (видео)

Олам

−

image

АҚШнинг Орегон штатидаги Бенд шаҳрида жойлашган бошланғич мактабда 16 ёшли ўсмирнинг қуролли ҳужуми оқибатида уч нафар бола ва бир ўқитувчи ҳалок бўлди. Ҳужумчи эса воқеа жойида бўлган маҳаллий аҳоли вакили томонидан отиб ўлдирилди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа кеча, 15 октябрь куни Silver Rail бошланғич мактабида содир бўлган. Ҳужумчи мактаб ҳудудига қулфланган эшикларга ўқ узиб, ичкарига кирган. Ҳалок бўлган болаларнинг ёши 5, 8 ва 11 да бўлган. Жароҳатланган 7 ёшли ўқувчи ва 54 ёшли ўқитувчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Бенд шаҳри полицияси бошлиғи Майк Кранцнинг айтишича, отишма уюштирган ўсмир отишма ҳақида биринчи хабар келиб тушганидан бир неча дақиқа ўтиб, мактаб ичида ўлик ҳолда топилган. Полиция вакили Шейла Миллернинг маълум қилишича, мактаб ичидан ҳам фавқулодда хизматларга қўнғироқлар бўлган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бир неча дақиқа ичида воқеа жойига етиб келган.

Полиция отишма уюштирган ўсмирнинг мактабдаги бирор кишини таниш-танимагани ёки ушбу таълим муассасасида ўқиган-ўқимаганини ҳозирча аниқламаган. Шунингдек, ҳужумчи Бенд шаҳри аҳолиси экани маълум қилинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, фавқулодда хизматларга маҳаллий вақт билан соат 13:00 га қадар мактаб ташқарисида турган автомобилдаги шахс қўнғироқ қилган. У узун стволли қурол билан қуролланган кимдир унга ўқ узганини билдирган. Шундан кейин мактабга ҳужум қилингани ҳақида бошқа қўнғироқлар ҳам келиб тушган.

Қайд этилишича, ҳужумчи онаси томонидан сотиб олинган насосли милтиқдан фойдаланган. Бу ҳақда терговдан хабардор, бироқ иш тафсилотларини ошкор қилиш ваколатига эга бўлмагани учун исмини айтмаслик шарти билан гапирган ҳуқуқ-тартибот идораси ходими маълум қилган.

Отишмадан сўнг болалар автобусларда яқин атрофдаги черковга олиб борилган. У ерда ота-оналар фарзандларини қучоқлаб, кутиб олган. Айрим болалар ўзлари билан юмшоқ ўйинчоқлари ва бошқа шахсий буюмларини ҳам олиб келган.

Орегон губернатори Тина Котек ҳужумчини тўхтатиш учун аралашган маҳаллий аҳоли вакилига миннатдорлик билдирган. У ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар ҳамда уларнинг оилалари учун қайғураётганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Филиппин жанубидаги мактабда отишма юз берган эди. Оқибатда олти киши ҳалок бўлиб, яна 17 киши жароҳат олган. Ҳужумда гумон қилинаётган шахс ҳам ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг