Қоидаларни бузганидан фахрланган “тюнинг”чига берилган жазо қайта кўриб чиқилади
3-саҳифа
−
27 Февраль 9817 3 дақиқа
Тошкент шаҳрида автомобилларни “тюнинг” қилиш билан шуғулланувчи Uzbelas Performance автосервиси раҳбари Асадбек Жумаев ижтимоий тармоқда берган интервьюсида қоида бузарлигидан фахрланишини айтиб, кичик жарима билан қутилиб қолганини билдирган. Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протест киритилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Воқеалар ривожи қандай бўлган эди?
Маълум бўлишича, 2026 йил январь ойида Тошкент шаҳри Шаҳрисабз кўчасида 2 та BMW машинаси Йўл патруль хизмати ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатлангани акс этган видео тарқалган. Икки автомобилда ҳам давлат рақам белгиси бўлмаган. Улардан бири тезликда ўтиб кетган, иккинчиси эса секинлашиб, сўнгра ходимларга бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.
“Қилган ишимдан фахрланаман”
Қайд этилишича, ўша воқеа иштирокчиларидан бири, автомобилларни “тюнинг” қилиш билан шуғулланувчи Uzbelas Performance автосервиси раҳбари Асадбек Жумаев бўлган. У блогерга берган интервьюсида ўша қоидабузарлиги ҳақида гапирган.
Жумаев интервьюда бундай қилмиш учун бошқа одамни 15 суткага қамашлари мумкинлигини ўзи эса кичик жарима билан қутулиб кетганини айтган. Интервьюда блогернинг 2-3 йилдан кейин шу видеони кўрсангиз қанақа реакция берасиз, деган саволига Жумаев қилган ишидан фахрланишини айтган.
Жамоатчилик эътирози
Ушбу интервью ижтимоий тармоқларда тарқалгандан сўнг жамоатчилик ва жамоатчилик фаоллари кескин муносабат билдирган.
“Агар қоидабузар очиқчасига “менинг 100 та танишим бор, шунинг учун енгилроқ жазо олдим” деб бемалол айтаётган бўлса – бу оддий ҳолат эмас!
Қонунни қўпол равишда бузган инсон афсусланиш ўрнига, қилган ишидан фахрланаётгани – жамиятда жазо муқаррарлигига ишонч сусайганини англатади”, деган Расул Кушербоев ўзининг Telegram каналида.
“Қонун ҳамма учун тенг бўлмаса, “таниш-билиш” омил бўлса, адолатга ишонч емирилади. Энг хавфлиси – қоидабузарлик намуна сифатида кўрила бошлайди.
Адолат – шунчаки сўз эмас. У амал қилгандагина қийматли”, деб қўшимча қилган Кушербоев.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу ҳолат бўйича Х ижтимоий тармоғида қуйидаги фикрларни ёзган.
“Бу қонунбузарликдан фахрланадиган йигит бузуқ занжирнинг боши эмас, охири эмас, ўртасида. Қонунни менсимаслик, очиқча, намойишкорона бузиш ва яна шу орқали миллиардлаб бойлик орттириш тепароқдан бошланган. Тендерсиз пудрат ва битимларни, яширин қарорларни, ёпиқ имтиёзларни қаранг. Ҳаммангдан ва қонундан устунман дегани эмасми? ” дея сўроқ қўйган Бакиров.
Бош прокуратура протест киритди
Ушбу ҳолатдан кейин Бош Прокуратура расмий баёнот берди.
“Бош прокуратура томонидан Uzbelas Performance автосервиси раҳбари Асадбек Жумаев иштирокидаги видеоинтервю ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани судининг 2026 йил 16 январдаги қарорига асосан Жумаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 8,4 млн сўм жаримага тортилган”, дейилган Бош прокуратура берган хабарда
“Ўрганиш натижаларига кўра, ҳолатга холис ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида 2026 йил 26 февраль куни Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протест киритилиши таъминланди” деб қўшимча қилинган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида 10-синф ўқувчиси BMW билан йўл-патруль хизмати инспекторини уриб юборгани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ, ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Live
Барчаси