Қоғозбозликни камайтириб, мажлисбозликни йўқотамиз – Тошқулов ишга киришди

Жамият

image

Кеча, 19 январь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов вазирлик марказий аппарати барча ходимларининг тўлиқ таркибдаги иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказди. Унда вазирлик фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича муҳим вазифалар жамоа иштирокида батафсил муҳокама қилинган. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Вазирликдаги дастлабки уч кунлик фаолиятимдан келиб чиқиб, қисқача хулосамни айтадиган бўлсам, афсуски, таассуротлар кишини хурсанд қилмайди. Жамоада эркин ва ижодий муҳит йўқдай, ходимлар ҳорғин ва ташаббус кўрсатмайди. Сабаби иш тартиби тўғри ташкил этилмаган. Назаримда, инсон ресурслари нотўғри тасарруф қилинмоқда. Ходимлар ишда кўп вақт қолиб кетиши оқибатида жисмонан ва руҳан чарчаган кўринади. Оиласига, фарзандлар тарбиясига эътибор қаратишга улгурмаса керак. Ходимларга, аввало, иш жойида эркин ишлаш, ижодий фикрлаш, қолаверса дам олиш учун қулай шароит яратиб бериш ва ундан кейин иш унумдорлигини талаб қилиш мумкин”, дейди янги вазир.

Шунингдек, Абдуқодир Тошқулов йиғилишда айрим структуралар фаолиятига ҳам тўхталиб, уларнинг қониқарсиз фаолият юритаётгани, бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини қайд этган. Бундан буён ҳар бир бошқарма ва бўлим фаолияти натижадорлиги мониторинг қилиниши, самарали фаолият юритган мутахассислар муносиб тақдирланиши, аксинча ўз функционал вазифаларини бажармайдиган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши айтилган. Жумладан, вазирлик Ахборот хизмати фаолияти ҳам танқид қилинган. 

“Ахборот хизмати вазирликнинг юзи бўлиши керак. Бугунги ахборот асрида тезкор ва профессионал ёндашув талаб этилади. Ижтимоий тармоқларда соҳага оид танқидий материаллар эълон қилиниб, жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинаётган бир вақтда, ахборот хизмати томошабин бўлиб туришини қандай изоҳлаш мумкин? Соҳага оид жамоатчиликни қизиқтирган мавзуларда тезкор ахборот бериш, ОАВ билан доимий ижодий ҳамкорлик қилиш ва танқидий-таҳлилий материалларга ўз вақтида муносабат билдириш орқалигина аҳолининг ишончини қозониш мумкин”, дея эътироз билдирди Абдуқодир Тошқулов.

Қолаверса, учрашувда бошқарувда ва ахборот алмашишда замонавий АКТ имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлиги, ОТМларга юборилаётган топшириқларни мувофиқлаштириш, бир-бирини такрорлайдиган вазифаларни қисқартириш, ижро интизомига қатъий риоя қилиш лозимлиги айтиб ўтилган.

“Бугундан бошлаб жамоа янгича иш тартибига ўтсак: қоғозбозликни имкон қадар камайтириш, ортиқча мажлисбозликка чек қўйиш ва ўз ишимизга меҳр билан муносабатда бўлиб, ундан завқланиб ишлайлик. Агар ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга масъулият билан ёндашиб, бир тану бир жон бўлиб, ҳамжиҳатликда ишласак, ишимизда албатта унум бўлади. Шунда халқимиз ва давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ишончни оқлаймиз ва соҳа олдига қўйилган вазифаларни бажарамиз”, дейди у.

Таълим муассасалари билан ишлаш принципларида ҳам қайта кўриб чиқиладиган жиҳатлар мавжуд эканлигига йиғилиш иштирокчиларининг алоҳида эътибори қаратилган. Вазирлик олдида таълим сифатини таъминлашдек ўта масъулиятли вазифа турибдики, бу вазифани олий таълим муассасалари билан ишчанлик ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни йўлга қўйибгина амалга ошириш мумкинлиги қайд этилган. 

“Олий таълим муассасасида мавжуд бўлган муаммони кимга айтишини билмай юрган раҳбарларнинг дардини биринчи навбатда вазирлик, биз тинглашимиз ва уни ҳал қилиб бериш чораларини кўришимиз керак. Олдин тизимдаги раҳбарлар, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун етарли шарт-шароит яратишимиз, ундан кейингина улар олдига вазифаларни қўйсак, тўғри бўлади”, дейди Абдуқодир Тошқулов.

Йиғилишда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

174

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг