Қодиров аёллар учун иш вақтини қисқартиришни таклиф қилди. Жамоатчилик бунга нима дейди?
Таҳлил
−
09 Январь 2023
9248Маълумки, республикага совуқ об-ҳаво кириб келаётгани муносабати билан барча таълим муассасаларида қишки таътил узайтирилди. Шундан сўнг, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги боласи боғчага бораётган бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларнинг иш вақти қисқартирилишини маълум қилди.
Мазкур хабардан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров аёлларнинг иш вақтини қисқартириш таклифи билан чиқди.
“Боғчадан фарзандини вақтида олишига вазифаси халақит бераётган аёлларга иш вақтини қисқартириш жуда яхши, лекин бу масаланинг ярми. Ишлайдиган, оилали аёллар учун эрталаб ишга бир соат кечроқ келиш ва иш вақтидан бир соат вақтлироқ кетишни расмийлаштириш керак”, деган эди депутат.
Унинг қайд этишича, агар шундай қилинса, аёл ходимнинг иш самарадорлиги сезиларли ошади, оилада муҳит ўзгаради.
Хўш, депутатнинг бу таклифига жамоатчилик фаоллари қандай муносабат билдирди?
“Қош қўяман деб, кўз чиқарамиз”ؘ
Зафар Ҳошимов, тадбиркор
Бир хил ойлик тўлаб, бир-икки соат кам ишлайдиган ишчилар учун иш жойлари кескин камаяди. Иш берувчилар уларга иш таклиф қилмай қўяди. “Қош қўяман деб, кўз чиқарамиз”: ёрдам бермоқчи бўлган тоифага қийинчилик туғдирилади ва оилали аёллар меҳнат бозоридан сиқиб чиқарилади.
“Бошқа яхши таклиф қолмаган, шекилли”
Барногул Санақулова, иқтисодчи
Шу масалани 2019 йилда ҳам кўтаргандилар. Биз бу таклифнинг иқтисодий, молиявий томонини тинмай ёзгандик, жим бўлиб кетгандилар. Бисотларида яхши таклиф қолмаган, шекилли, яна байроқ қилганларига қараганда.
“Бу энг аввало аёллар учун зарарли қарор бўлади”
Фируз Аллаев, “Asaхiy.uz” асосчиси
Алишер Қодиров аёллар иш соатини қисқартириш кераклиги ҳақида пост қилибди. Аёлларнинг иш соатларини қисқартириш хато, деб ўйлайман. Бу энг аввало аёллар учун зарарли қарор бўлади ва ишлашни хоҳлайдиган аёллар учун муаммога айланади.
Вазиятга иш берувчи томондан қараб кўринг – тўлиқ иш соатига эркак ходимни олиш ёки кунига икки соат кам ишлайдиган аёл ходимни ишга олиш. Танлов ўз-ўзидан эркак ходимга тўхтайди. Шу учун ҳам бу таклиф якунда аёллар вазиятини яхшилаш ўрнига, уларга иш топишда катта муаммо яратиши мумкин.
“Аёллар ноқонуний ишларга рози бўлишни бошлайди”
Шаҳноза Соатова, блогер
Кейин аёллар ноқонуний ишлашга рози бўла бошлайди ва бу ёғи муаммолар занжири: меҳнат ҳуқуқлари бузилишидан тортиб, қора иқтисодиётгача…
“Аёллар учун қисқартирилган иш куни қонунчиликда ҳам мавжуд”
“Сукут сақлама” лойиҳаси
Бу нимага керак? Аёл уй ишларини кўпроқ бажариши учунми? Ёки аксинча уни бу йўл билан ҳимоя қилиш учунми? Бу унинг иш ҳақига қандай таъсир қилади? Раҳбарлар аёлларни ишга олармикан кейин? Ҳамкасблари томонидан жинс бўйича камситилишга учрамайдими? Аёллар учун қисқартирилган иш куни қонунчиликда ҳам кўзда тутилган. Иш берувчи аёл ходимлар илтимосига кўра, тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбур.
Қодиров бундай иш тартиби аёлларга болани мактабгача таълим муассасасидан ўз вақтида олиб кетиш имконини беришини таъкидлайди. Бўлмаса, у боғча ёшидаги боласи бўлган ота-онага (она ёки ота) иш вақтини қисқартиришни таклиф қилсин. Ёки боғчаларда навбатчи гуруҳлар ташкил қилинишини таклиф қилсин. Улар соат 19:00 ёки 20:00 гача ишласин.
Лекин афсуски, унга мартаба зинапоясига қийинчилик билан чиқаётган аёлнинг иш вақтини қисқартиришни ва энг яхши ҳолатда энг паст лавозимларга тайинланишига олиб келувчи таклифни бериш осонроқ.
“Амалда кўплаб раҳбарларда имтиёз қўлланадиган аёлларга нисбатан зимдан қарши ҳаракатлар бўлиши мумкин”
Саидали Мухторалиев, юрист
Фарзанди 3 ёшга тўлмаган оналар учун ушбу имтиёз қонунчиликда мавжуд. Фақат бу имтиёз бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларга тегишли. Агар Қодировнинг таклифи кўриб чиқиладиган бўлса, бунга боланинг ёш даражасини ошириш ҳамда мавжуд имтиёзни нобюджет ташкилотларига ҳам қўллаш нуқтаи-назаридан қараш тўғри бўлади. Имтиёз даражасини ошириш яхшидир, бироқ амалда кўплаб раҳбарларда имтиёз қўлланадиган аёлларга нисбатан зимдан қарши ҳаракатлар бўлиши ҳам мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь