Қочишга уринган Cobalt ҳайдовчиси 4 кг гашиш билан ушланди (видео)
3-саҳифа
−
19:13 1350 2 дақиқа
Тошкент вилоятида ички ишлар ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмай, қочишга уринган Cobalt ҳайдовчисининг автомашинасидан 4 килограммдан ортиқ гашиш аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари хизмат олиб бориш жараёнида оқ рангли Cobalt автомашинасини шубҳали деб топиб, унга тўхташ ишорасини берган.
Бироқ ҳайдовчи ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмай, ҳаракатини давом эттирган ва қочишга уринган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида автомашина тўхтатилиб, ҳайдовчининг шахси аниқланган. У 2000 йилда Андижон вилояти Марҳамат туманида туғилган фуқаро экани маълум бўлган.
Ҳайдовчидан нима сабабдан ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига бўйсунмагани сўралганида, у турли сабабларни келтирган.
Шундан сўнг холислар иштирокида автомашина белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Текширув вақтида унинг юкхонасидан полиэтилен пакетларга ўралган, думалоқ шаклга келтирилган, тўқ жигарранг ва ўткир ҳидли моддалар топилган. Уларнинг умумий оғирлиги 4 килограммдан ортиқ бўлган.
Мазкур моддалар нима эканлиги сўралганда, фуқаро уларни гашиш гиёҳвандлик моддаси эканини маълум қилган.
Тезкор тадбир давомида фуқаронинг уяли телефони ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилган. Ундаги WhatsApp мессенжерида номаълум шахс томонидан юборилган жойлашув локацияси аниқланган.
Ушбу маълумот асосида Бўстонлиқ тумани “Қапал” маҳалласида текширув ўтказилган. Натижада полиэтилен пакетга думалоқ шаклда ўралган, тўқ жигарранг, ўткир ҳидли 1 килограмм 40 грамм гашиш аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг 3 та ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирларда жами 12,7 килограмм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилингани ҳақида хабар берилган.
Live
Барчаси