Қизил тўй: АҚШ Эрондаги тўйхонага зарба берди. Болалар ва аёллар қурбон бўлди (видео)

Олам

image

Эрон расмийлари АҚШ ҳарбийлари мамлакат жанубидаги Сурик шаҳрида тўй маросими ўтказилаётган уйга зарба берганини, оқибатда камида 5 киши, жумладан ёш бола ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоийнинг айтишича, “шафқатсиз” ҳужум бугун, 2 сентябрь куни эрталаб Сурик шаҳридаги Куҳестак аҳоли пунктида жойлашган уйга уюштирилган. Унинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида аёллар ва болалар ҳам бор 50 дан ортиқ киши ҳалок бўлган ёки жароҳатланган.

Эроннинг “Press TV” телеканали камида 5 киши ҳалок бўлганини хабар қилган.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Ҳусайн Кермонпур ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳалок бўлганлар орасида ёш бола ҳам борлигини ёзган. У, шунингдек, ҳужумдан кейин ҳудудда электр таъминоти ва телефон алоқаси узилганини маълум қилган.

Эрон Қизил Ярим Ой жамияти тарқатган видеоларда бинолардан бирининг деворлари ва деразалари портлаш оқибатида вайрон бўлгани, ерда эса қурилиш материаллари сочилиб ётганини кўриш мумкин. Ташкилот, шунингдек, бир нечта боланинг шифохонада даволанаётгани акс этган суратларни ҳам эълон қилган.

Сурик вилояти губернатори Реза Шаҳидиён давлат телеканали IRIB'га берган интервьюсида ҳужум натижасида 63 киши жароҳатланганини билдирган. У жабрланганларнинг 50 нафари аёллар ва болалар эканини айтган. Губернаторнинг маълум қилишича, барча жароҳатланганлар яқиндаги Миноб шаҳридаги шифохонага олиб борилган ва уларнинг аҳволи барқарор.

Ярим расмий “Fars” агентлиги портлашдан омон қолган боланинг ҳикоясини ҳам тарқатган. Болакайнинг айтишича, у воқеа жойига етиб келишидан олдин қирувчи самолётлар овозини эшитган.

“У ерга келганимизда портлаш содир бўлди. У жуда кучли эди. Ғишт, тош ва цемент юзим ҳамда бошимга урилди, кўплаб одамлар жароҳатланди. Ҳамма оддий тинч аҳоли эди”, деган бола.

Бу хабарлар, аввалроқ АҚШ ҳарбийлари Эронга қарши янги зарбалар тўлқини бошланганини маълум қилгани ҳақидаги хабарлардан кейин тарқалди. АҚШ Марказий қўмондонлиги зарбалар Эроннинг ҳарбий объектларига қаратилганини ва бунга Эрон Ислом инқилоби қўриқчилар корпусининг Ҳормуз бўғозидаги тижорий кемаларга қарши ҳужумларга уриниши сабаб бўлганини билдирганди.

Шунингдек, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Бақоий халқаро ҳамжамиятни АҚШ ҳаракатларига қарши чора кўришга чақирган.

“Бу шафқатсизлик ундан олдин содир бўлган жиноятлар занжиридан алоҳида эмас”, деган у. 

Бақоий урушнинг биринчи куни Миноб ва Ламерд шаҳарларига берилган зарбаларни ҳам тилга олган. Унинг таъкидлашича, Минобда АҚШ кучлари бошланғич мактабга зарба бериши оқибатида 150 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, Ламердда эса спорт залига берилган зарба натижасида камида 21 киши ҳалок бўлган.

“Эрон бу ваҳший жиноятларга қатъият билан жавоб қайтаради”, деган Бақоий. 

У халқаро ташкилотлар ва ҳукуматларни ҳодисаларга нисбатан сукут сақламасликка чақириб, бундай ҳолатларда жим қолиш бетарафлик эмаслигини таъкидлаган. Шу билан бирга, ярим расмий “Tasnim” агентлиги Куҳестакдан ташқари Эроннинг бошқа соҳилбўйи шаҳарларида ҳам портлашлар содир бўлганини хабар қилган. Улар орасида Конарак, Бандар-Аббос, Жоск, Асалуйе ва Аҳвоз шаҳарлари, шунингдек, Қешм ороли бор.

Эрон расмийларининг АҚШ тўй маросимига зарба бергани ҳақидаги айблови ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг