Қиёмат бўлишини айтиб, ўзини “пайғамбар” деб эълон қилган шахс ушланди
Олам
−
02 Январь 53613 2 дақиқа
Бир неча ой давомида сув тошқини билан боғлиқ “ваҳийлар” ҳақида даъволар қилиб, Гана бўйлаб хавотир уйғотган Эванс Эшун – Эбо Нуҳ номи билан танилган шахс полиция томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда “Joy online” хабар берди.
Полициядаги манбаларга кўра, Эбо Нуҳ 2025 йил 31 декабрь куни ҳибсга олинган. Бу қарор амалга ошмаган қиёмат башорати билан боғлиқ воқеалар ортидан қабул қилинган. Ҳуқуқ-тартибот органларини юзлаб одамлар, ҳатто қўшни давлатлардан келганлар ҳам уй-жойларини ташлаб, юклари билан Эбо Нуҳнинг “кема” қурилаётган ҳудудига йўл олгани ташвишга солган.
Эбо Нуҳ илк бор 2025 йил августида жамоатчилик эътиборига тушган. У ўзига инсониятни уч йил давом этадиган глобал сув тошқинидан қутқариш учун 10 та замонавий кема қуриш вазифаси илоҳий тарзда топширилганини иддао қилган. Унинг айтишича, ёмғирлар 2025 йил 25 декабрда, Инжилдаги Нуҳ тўфонига ўхшаш тарзда бошланиши керак эди.
Бир неча ой давомида унинг TikTok ва YouTube саҳифаларида 30 ёшли Эбо Нуҳнинг йиртиқ халта кийимида ёғоч кемалар қурилишини назорат қилаётгани акс этган видеолар тарқалди. У лойиҳа учун 250 мингдан ортиқ ёғоч материал сотиб олинганини, бу кемалар эса “иймонлилар учун ягона паноҳ” эканини айтган.
Бироқ Рождество куни осмонда ҳеч қандай фалокат аломатлари кўринмагач, ўзини “пайғамбар” деб атаган Эбо Нуҳ тезда позициясини ўзгартирган. У уч ҳафталик рўза ва ибодатлари орқали Худони фалокатни “кечиктиришга кўндирдим”, деб даъво қилган.
Шундан сўнг, вазият янада ғалати тус олган: Эбо Нуҳ машҳур репер Саркодиэнинг “Rapperholic 2025” концертида саҳнага чиққан. Ўзининг одатий халта кийимида у минглаб томошабинларга қиёмат кечиктирилгани сабабли бемалол байрам қилиш мумкинлигини айтган.
Бир неча ой давомида қўрқув ва ваҳима тарқатган шахснинг бундай оммавий чиқиши ижтимоий тармоқларда кескин норозилик уйғотган. Кўплаб фойдаланувчилар уни “жамоатчиликни алдагани” учун дарҳол ҳибсга олишни талаб қилган. Шундан сўнг у маҳаллий полиция томонидан қўлга олинган.