Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида саккиз нафар ҳарбий қўлга олинди
Олам
−
19 Декабрь 2023
43953Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктида саккиз нафар чегарачи қўлга олинди. Бу ҳақда "Kaktus" нашри хабар берди.
Унга кўра, 17 декабрдан 18 декабрга ўтар кечаси “Баймак-Автодорожний” назорат-ўтказиш пунктида иш вақтидан ташқари контрабанда юкларини ўтказаётган чегарачилар ушланган. Аниқланишича, ҳарбий хизматчилар ушбу пунктдан юкларни мунтазам равишда ўтказган.
“Чегарада хизмат қилаётган ҳарбийлар мукофот илинжида товарлар контрабандасида фаол қатнашган. Оқибатда контрабанданинг барқарор канали ташкил этилган. Ҳаттоки улар ўзининг жиноий ҳаракатини яшириш учун назорат-ўтказиш пунктидаги видео-камераларни объектнинг бутун ҳудудида электр таъминотини узиш орқали ўчириб қўйган”, дейилган хабарда.
Маълумотларга кўра, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тезкор тадбирда "Баймак-Автодорожний” назорат-ўтказиш пунктининг саккиз ҳарбий хизматчиси ва контрабанда билан шуғулланган беш нафар фуқарони қўлга олган. Айни пайтда эса уларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.