Қирғизистонлик депутат Сооронбай Жээнбековдан Қўй-Тош воқеалари учун жавоб беришни талаб қилди

Олам

image

Қирғизистон Жўқорғу Кенеш депутати Сейид Атамбоев мамлакат собиқ президенти Сооронбай Жээнбековнинг 2019 йил 7-8 август кунлари содир бўлган Қўй-Тош воқеалари учун жавобгарликка тортилишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда “AKIпресс” хабар берди.

Қайд этилишича, 7-8 август кунлари хавфсизлик кучлари собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг уйига бостириб киришган. У қонундаги ўғри Азиз Батуқаевнинг ноқонуний озод этилиши иши бўйича Ички ишлар вазирлигига терговга боришга мажбурланган.

“Бугун Қўй-Тош воқеаларига 4 йил тўлди. Суд жараёни ҳали ҳам давом этмоқда. Биз суднинг адолатли қарорини кутамиз. Сооронбай Жээнбеков ва унинг укаси Асилбек Жээнбековнинг жиноятларини унутмаймиз”, дейди Сейид Атамбоев.

Бундан ташқари, у пандемия даврида қанча фуқаролар ҳалок бўлганини, ҳаммаси Жээнбековлар ҳукуматининг эътиборсизлиги туфайли содир бўлганини ёзган.

Маълумот учун, Алмазбек Атамбоев даврида Бош вазир бўлган Сооронбай Жээнбеков 2017-2020 йилларда мамлакат Президенти лавозимини эгаллади ва у бошқарувга келибоқ Атамбоевни қамоққа ташлади. 

Алмазбек Атамбоев ва Сооранбай Жээнбеков 2017 йили ўтган президентлик сайловигача яқин дўст бўлишган. Бироқ, Жээнбеков Президент бўлганидан кейин ўртада жанжал чиққан.

Келишмовчиликдан кейин Атамбоев бир неча марта Жээнбеков номига танқидий фикрларни айтган. Атамбоев Жээнбековга президентлик лавозимига келишга ҳам ёрдам берганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари ўтказилганди. Аммо халқ унинг натижасидан норози бўлиб, намойиш уюштирди. Оқибатда мамлакатда тартибсизлик ва талончилик авж олди.

Намойишлар ортидан мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов ва Президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди.

Қўй-Тош воқеаларига келсак, бу воқеа 2019 йилнинг 7-8 август кунлари бўлиб ўтган. Гап шундаки, мамлакат махсус хизматлари собиқ президент Алмазбек Атамбоевни пойтахт Бишкекдан 20 километр масофада жойлашган Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида ушлаш бўйича операция ўтказган эди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ва Атамбоев тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувлар давомида махсус хизматнинг бир зобити ҳалок бўлган, 136 киши тан жароҳати олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сооронбай Жээнбеков Алмазбек Атамбоев Қўй-Тош воқеалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made