Қирғизистонда террорчи ташкилотга ёлланган 15 киши қўлга олинди
Олам
−
14 Июнь
3843Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи сафига фуқароларни жалб қилаётган гуруҳни қўлга олди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар берди.
“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси аъзолари “Ислом давлати” халқаро террорчилик ташкилоти мафкурасини фаол тарғиб қилиб, ёшларни ўз сафига жалб қилиш, террорчилик тусидаги фото ва видеоматериалларни тарқатиш билан шуғулланаётган яширин радикал гуруҳ фаолиятига чек қўйди”, дейилади ҳисоботда.
Жиноят тергови доирасида Бишкек шаҳри ва мамлакатнинг бошқа вилоятларида жами 15 киши қўлга олинган. Уларнинг яшаш жойларида тинтувлар ўтказилганда катта миқдордаги диний адабиётлар мусодара қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли экспертиза тайинланган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг билдиришича, зарарсизлантирилган гуруҳ етакчиларидан бири “Исломий давлат”нинг Афғонистондан бўлган аъзоси томонидан ижтимоий тармоқ орқали ёлланган ва бошқа тарафдорларни жалб қилиш бўйича унинг кўрсатмаларига амал қилган.
“Дастлабки маълумотларга кўра, тарқатилган фото ва видеоматериалларда террорчилик фаолиятига оммавий даъват, миллий, ирқий, этник, диний ва минтақалараро адоватни қўзғатиш ва конституциявий тузумни ўрнатиш орқали ағдариш белгилари мавжуд. Шунингдек, ўқотар ва тиғли қуроллардан фойдаланиш, қўлбола портловчи қурилмаларни тайёрлаш бўйича ўқув видеоматериаллари тарқатилган”, дейилади хабарда.
Ҳибсга олинганларнинг бир қисми Бишкекдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
“Ушбу гуруҳнинг бошқа аъзолари ва шерикларини аниқлаш бўйича бир қатор тезкор тадбирлар давом этмоқда”, дея аниқлик киритган матбуот маркази.
LiveБарчаси