Қирғизистонда қўшин қўмондони давлат мулкини ўмаришда гумонланиб қўлга олинди
Олам
−
21 Декабрь 2021
6815Қирғизистон Ички қўшинлари қўмондони Исломбек Кенжеқулов ўта йирик миқдордаги мол-мулкни ўзлаштириш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Республика Бош прокуратурасидаги манба маълум қилди.
“Кенжеқулов ички қўшинларда бюджет маблағлари билан молиявий фирибгарлик содир этиш бўйича тергов доирасида қўлга олинди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, яқин орада суд қўмондонга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш масаласини кўриб чиқади.
Маълумот ўрнида, шу ой бошида Қирғизистон Ҳарбий прокуратураси ички қўшинларнинг бир қатор мансабдор шахсларига нисбатан “Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш”, “Фирибгарлик” каби моддалар бўйича иш қўзғатган.
Дастлабки тергов натижасида Қирғизистон Ички қўшинларининг бир қатор мансабдор шахслари шахсий таркибга озиқ-овқат ва кийим-кечак харид қилиш учун фронт компаниялари ҳисоб рақамларига бюджет маблағларини ўтказиб келаётгани аниқланган. Дастлабки маълумотларга кўра, гап 34 миллион қирғиз соми (тахминан 400 минг доллар) миқдоридаги зарар ҳақида кетмоқда.
LiveБарчаси