Қирғизистонда фирма номларида диний сўзларни ишлатиш тақиқланди
Олам
−
25 Июль
3967Қирғизистонда фирма номларида диний сўзлардан фойдаланиш тақиқланди. Тегишли қонун Президент Садир Жапаров томонидан имзоланди.
Бундай қонун қабул қилинишининг сабаби фирибгарлар инвесторларнинг пулларини жалб қилиш мақсадида ширкат номларида диний атамалар ишлатган. Тақиқлаш уставида асосий мақсад даромад олишдан иборат бўлмаган диний нотижорат ташкилотларга, шунингдек, Қирғизистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида назарда тутилган юридик шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
“Диний мазмундаги сўзлар, атамалар, таърифлар рўйхати ва улардан фойдаланиш тартиби Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади”, дейилади тузатишларда.
Жогорку Кенеш ҳужжатни 27 июнь куни қабул қилган. “Kaktus.kg” қонун лойиҳаси ташаббускори депутат Марлен Маматалиев эканини ёзди. Унинг тушунтиришича, молиявий пирамидалар ташкилотчилари диний номлардан фойдаланади, динга мурожаат қилиш эса юридик шахснинг ишончлилиги ҳақида нотўғри тасаввур уйғотади.
Депутат мисол тариқасида 14 та уй-жой кооперативи ташкилотчилари, жумладан, “Ихсан Груп ЛТД”, “Муслим”, “Аманат” ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишларини келтирди. Бунгача мамлакатда уй-жой кооперативлари фаолиятига қарши бир неча бор митинглар ўтказилган, уларнинг ҳиссадорлари маблағларини қайтаришни талаб қилган.
LiveБарчаси