Қирғизистонда авторитар тузум қайта жонлантирилмоқда – Атамбоев

Олам

image

Бугун Қирғизистонда 2010 йил 7 апрелда ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олинмоқда. Фожиали воқеалар “Апрель халқ инқилоби” деб ном олган. Оғир жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев тарихий сана муносабати билан ёзма мурожаат йўллади.  

“Бугун “Апрель халқ инқилоби”нинг яна бир йиллигини нишонлаяпмиз. Бундан роппа-роса 12 йил аввал коррупцион ва қонли Бакиев режимидан умидсизликка тушган юртдошларимиз Ҳукумат уйига бостириб кирган эди. Оддий одамларнинг ғазаби шу қадар кучайдики, уларни Ала-Тоо майдонидаги граната портлашлари, Оқ уй томондан учиб келаётган ўқларнинг “дўллари”, ўлимлар тўхтата олмади. Ўша қонли кунларда 87 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлди. Мингга яқин одам яраланди. Улардан 70 га яқини охирги 12 йил ичида вафот этган. Халқимиз Бакиевлар оилавий-клан режими устидан ғалаба қозониш учун шундай аччиқ бадал тўлади”, дейилади мурожаатда. 

Атамбоевнинг сўзларига кўра, “Апрель инқилоби” қаҳрамонларининг жасоратини бугун ҳокимият тепасида турганларнинг кўпчилиги унутиб, ўчиришни истарди”.

“Бизнинг кўз ўнгимизда Қирғизистонда сўнгги бир ярим йил ичида ишонч билан авторитар тузум қайта жонлантирилмоқда, Бакиев режимининг энг яқин тарафдорлари жонлантирилмоқда, “Апрель инқилоби” хотираси жимгина ўчирилмоқда, демократия ва сўз эркинлиги ютуқларига чек қўйилмоқда”, дейди у. 

Собиқ Президент “қочқин давлат раҳбари Акаев Қирғизистонга ҳеч нарса бўлмагандек келаётгани, уни лимузинда сўроққа олиб кетиб, кейин қўйиб юборишаётгани ва халқ олдидаги барча айбларини кечиришаётганидан” ғазабланган. 

“Бизнинг тушунишимизча, худди шу тарзда, маълум вақт ўтгач, қочоқ Президент Бакиев Қирғизистонга олиб келиниши ва унинг остига қизил гилам ётқизилиши мумкин. Бу масала ҳокимиятнинг энг юқори поғонасидаги маълум кучлар томонидан илгари сурилмоқда. “Апрель халқ инқилоби”дан кейин ўз лавозимини шармандаларча ташлаб кетган амалдорлар қандай қилиб юқори лавозимларга қайтаётганини кўриб турибмиз. 12 йилдан бери қидирувда бўлган, Медет Садирқуловнинг ўлдирилиши бўйича энг муҳим айбланувчининг нақадар хотиржам келиб, милицияга таслим бўлаётганини кўриб турибмиз. Ва биз унга нисбатан суд қандай кетаётганини кўряпмиз. Бакиевлар даврида журналистлар ва мухолифат қандай ўлдирилганини эслаймиз. Бугун эса мухолифат қандай бўғилаётганини, журналистлар, блогерлар, ҳуқуқ ҳимоячилари қандай қилиб сўроққа тортилаётганини кўриб турибмиз”, деб ёзган Алмазбек Атамбоев. 

Собиқ давлат раҳбарининг фикрича, “Акаев халқни 15 йил, Бакиев 5 йил, Соке (Сооранбай Жээнбеков) бор-йўғи 3 йил алдаган”. 

“Ҳар бир янги ҳукмдор келиши билан Қирғизистон халқи ёлғон, коррупция ва диктатурага тоқатсиз бўлиб бормоқда. Расмийлар буни ёдда тутиши керак. Президент Жапаров халқ ишончини оқлаши керак. Халқ ҳамон давлат раҳбарига катта ишонч билан қарайди ва ундан адолат, ҳалол ва тўғри қадамлар кутади”, деган Атамбоев. 

Маълумот ўрнида, 2010 йилнинг 7 апрелида Қирғизистонда инқилоб бўлиб ўтди, натижада мамлакатнинг иккинчи Президенти Қурманбек Бакиев тахтдан ағдарилиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Президентни қўллаб-қувватлаётган ҳарбий хизматчилар ва мухолифат тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувда 80 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, бир неча юз киши жароҳатланди.  

Жиноятлари учун ватанида сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Бакиев қочиб кетганидан сўнг Қирғизистонда ҳокимият Роза Отунбаева бошчилигидаги муваққат ҳукумат қўлига ўтди. Ҳозирда Қирғизистоннинг иккинчи Президенти Минскда истиқомат қилади.  

Муваққат ҳукуматга 14 киши, жумладан, Роза Отунбаева (МҲ раҳбари), Алмазбек Атамбоев (биринчи ўринбосар), Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров (МҲ раҳбари ўринбосари), Дамира Ниязалиева (Соғлиқни сақлаш вазири) кирди. Эмилбек Каптагаев МҲ аппарати раҳбари эди.

Ўша йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг жанубида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. “Ўш воқеалари” номи билан тарихга кирган ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар сони эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар. 

Республиканинг яқин тарихидаги биринчи инқилоб 2005 йил март ойида ўтказилган, унинг натижасида биринчи Президент Асқар Акаев ҳокимиятдан ағдарилган, у ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан оиласи билан чет элга кетишга мажбур бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Атамбоев

Баҳолаганлар

186

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг