Қирғизистонда “Ҳизб ут-Таҳрир” экстремистик гуруҳи аъзолари ушланди (видео)
Олам
−
19 Декабрь
4553Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида “Ҳизб ут-Таҳрир” экстремистик ташкилотининг йирик бўлинмаси, жумладан, унинг раҳбарлари ҳамда 22 аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, “Vesti.kg” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу шахслар бир неча йил давомида Жалолобод аҳолиси орасида экстремистик ғояларни тарғиб қилиш, янги тарафдорларни ёллаш, интернетда сохта аккаунтлар яратиш ва махфий босмахонада экстремистик материалларни кўпайтириш ҳамда тарқатиш билан шуғулланган. Қўлга олинганлар орасида бўлинма раҳбари, беш нафар мураббий ва саккиз нафар устоз бор. Ҳар бир устознинг уч-беш нафардан ўқувчилари бўлган.
Маълумотларга кўра, ташкилот аъзолари “Эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” янги қонун лойиҳасига қарши чиқиб, диний ташкилотлар орасида варақалар тарқатган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўп миқдорда экстремистик адабиётлар, компьютер ва нусха кўчириш техникаси мусодара қилинган. Қўлга олинганларнинг барчаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг 5 вилоятида террор ташкилотига қарши олиб борилган “GÜRZ-29” операцияларида ИШИДга алоқадорликда гумон қилинган 47 нафар шахс қўлга олинганди.
LiveБарчаси