Қирғизистон Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарада назоратни оширмоқчи
Олам
−
22 Февраль 7316 1 дақиқа
Қирғизистон Республикаси қирғиз-тожик ва қирғиз-ўзбек чегараларидаги айрим назорат-ўтказиш пунктларида транспорт назоратини кучайтирмоқчи. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига киритилди. Ҳозирда Евросиё иқтисодий иттифоқи ташқи чегарасининг Қирғизистон участкасида транспорт назорати “Торугарт-Автодорожний”, “Иркиштом-Автодорожний” (Хитой), “Қорамиқ-Автодорожний”, “Қизил-Бел-Автодорожний”, “Қулунду-Автодоружний” автомобиль назорат пунктларида амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, қирғиз-тожик ва қирғиз-ўзбек давлат чегараларидаги “Қайрағоч”, “Бор-Добо” (Тожикистон), “Қизил-Қия”, “Қора-Бағиш” ва “Кен-Сoй” (Ўзбекистон) назорат-ўтказиш пунктларида транспорт назорати амалга оширилмайди.
Қайд этилишича, мазкур назорат-ўтказиш пунктлари орқали қўшни ва бошқа давлатларнинг автотранспорт воситалари нафақат икки томонлама халқаро ташишда, балки Тожикистон, Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатларга ҳам халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги халқаро шартномалар меъёрларини бузган ҳолда юк ташимоқда.
Қирғизистон ҳудудига кириш ва транзит қатнови учун хорижий автоташувчилар тегишли рухсатномаларга эга бўлиши шарт. Агар автомобиль ташувлари давомида халқаро шартномалар талаблари бузилса, жумладан, тегишли рухсатномасиз мамлакат ҳудудига кириш қоидаларига риоя қилинмаса, бундай ташувчиларнинг Қирғизистон ҳудудига кириши тақиқланиши мумкин.
Шу муносабат билан Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктлари рўйхатига ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.
Live
Барчаси