Қирғизистон миллий терма жамоасида бой ва амалдорларнинг ўғиллари йўқ – Садир Жапаров
Спорт
−
22 Февраль 2025 7741 2 дақиқа
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров мамлакатдаги “Барселона” футбол академияси атрофидаги гап-сўзларга изоҳ бериб, мамлакат миллий терма жамоасида амалдор ва бой инсонларнинг фарзандлари ўйнамаётганини билдирди.
Гап шундаки, Қирғизистондаги “Клооп” номли сайт кам таъминланган оила фарзандлари Бишкекдаги “Барселона” футбол клубида машғулот ўтказа олмаслигини даъво қилиб чиқди. Бунга эса Жапаров муносабат билдирди.
“Спорт қариндошчиликни тушунмайди. Айниқса, футболда иқтидор бўлмаса, подшоҳнинг ўғли бўлса ҳам жамоага қабул қилинмайди. Кучли бўлсанг, вилоятлардан келган деҳқоннинг ўғли бўлсанг ҳам сени мамнуният билан қабул қилишади. Қирғизистон терма жамоасининг ҳозирги таркибига қаранг. У ерда бирорта бойнинг ёки амалдорнинг ўғли йўқ. Аксинча, ўйнаётган йигитлар оддий халқдан. Масалан, марҳум Жонибек Алиқулов – унинг ўғли жамоамизда ҳужумчи сифатида ўйнайди. У амалдор эмас, оддий артист, ҳажвчи эди”, дейди Садир Жапаров.
Жапаров Қирғизистон ёшларини футбол билан шуғулланишга чақирди.
“Ҳар бир қишлоқда мини-футбол майдончалари қуряпмиз. 4-5 йилдан кейин ҳар бир қишлоқда футбол майдони бўлади. Бундан ташқари, вилоят ва туман марказларида стадионлар қурилмоқда. Ҳозир ҳаммага тенг шароит яратиб беряпмиз, 10 йилдан кейин эса ёшлардан натижа сўраймиз. Шундай экан, “Клооп”нинг бузғунчи сиёсатига ишонманг, машқ қилинг. Иқтидорли болалар учун, келиб чиқишидан қатъи назар, академияда бепул таълим олишлари учун шароитлар яратилади”, дейди Президент.
Жапаров, шунингдек, мамлакатда 1600 та хонадон қурилишида Президент ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг қариндошлари иштироки борми, деган саволга жавоб берди.
“Ким қурилишда иштирок этса, яхши. Бу кенг қамровли лойиҳа, уй-жой қуриш билан бирга футбол академияси, болалар боғчалари, таълим муассасалари, иккита стадион ва бошқа инфратузилма объектлари қурилмоқда. Шу жумладан турар-жой бинолари. Уй-жой сотишдан олинган даромад мен санаб ўтган ижтимоий объектларни қуришга, шунингдек, франчайзинг учун тўловга йўналтирилади. Бу лойиҳа фақат 20-30 йил ичида ўзини оқлайди. Агар “Клооп”дагилар қурилишда иштирок этишни истаса, келсин. Уларга 3-4 блок берайлик, қурсинлар, лекин улар битта ғишт қўя олишларига ҳам ишончим комил эмас. Охирги 30 йил ичида одамлар бундай танқидчилар ҳақида ҳамма нарсани тушуниб етди. Ит ҳурар–карвон ўтар”, дейди Жапаров.
Live
Барчаси