Қирғизистон илк бор БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайланди

Олам

image

Қирғизистон ўз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайланди. Республика 2027-2028 йилларда жаҳон ташкилотининг асосий органларидан бири таркибида бўлади.

Овоз бериш кеча, 3 июнь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг йиғилишида бўлиб ўтди. Қирғизистон Республикаси номзоди учун 142 та давлат овоз берди. Хавфсизлик Кенгашидаги ўрин учун курашган Филиппин эса 49 та овоз олди.

Ғолиб фақат тўрт босқичли овоз беришдан сўнг аниқланди. Дастлабки босқичларда на Қирғизистон, на Филиппин Бош Ассамблея овозларининг зарур бўлган учдан икки қисмини тўплай олди.

Қирғизистон Республикасининг ваколат муддати 2027 йил 1 январда бошланиб, 2028 йил 31 декабрда якунланади. Республика Хавфсизлик Кенгашида ҳозирда Покистон эгаллаб турган ўринни олади.

Овоз бериш натижалари эълон қилинганидан сўнг Президент Садир Жапаров қирғизистонликларни ушбу воқеа билан табриклади.

“Биз БМТ тарихида янги саҳифа ёзилишида иштирок этамиз. Табриклайман, азиз ватандошлар!” деб ёзди у ижтимоий тармоқларда.

Сайловга тайёргарлик бир йилдан ортиқ давом этди. Май ойида давлат раҳбари БМТга аъзо мамлакатлар етакчиларига Қирғизистон номзодини қўллаб-қувватлаш илтимоси билан мурожаат қилганди. У республика аввал ҳеч қачон Хавфсизлик Кенгаши таркибига кирмаганини таъкидлаб, асосий халқаро тузилмаларда кичик, ривожланаётган ва денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатларнинг кенгроқ вакиллигини таъминлаш зарурлигини ҳам айтиб ўтди.

Аввалроқ Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари Қирғизистон Республикаси номзодини қўллаб-қувватлаб чиққан эди. Тегишли қўшма мурожаатнома 2025 йил охирида минтақа давлатларининг БМТдаги доимий ваколатхоналари орқали тарқатилган.

Бишкек, агар сайланса, превентив дипломатия, можароларни тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, иқлим хавфсизлиги масалалари ва аҳолининг энг заиф қатламларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиш ниятида эканини маълум қилган. Шунингдек, Қирғизистон томони халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низоми тамойилларига содиқлигини таъкидлади.

Овоз бериш арафасида ТИВ раҳбари Жеэнбек Кулубоев Нью-Йоркда Қирғизистоннинг Хавфсизлик Кенгаши аъзолигига номзод сифатидаги дастурини тақдим этди. Унинг сўзларига кўра, республика мулоқот учун майдон бўлишга ва низоларни ҳал қилишнинг тинч механизмларини илгари суришга тайёр.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши 15 та давлатдан иборат. Улардан бештаси вето ҳуқуқига эга доимий аъзолар: Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия ва Франция. Яна ўн мамлакат Бош Ассамблея томонидан икки йиллик муддатга сайланади.

Қирғизистон билан бир вақтда 2027-2028 йиллар учун Хавфсизлик Кенгаши аъзолигига Австрия, Португалия, Зимбабве, Тринидад ва Тобаго сайланди. Улар ваколат муддати 2026 йил охирида тугайдиган Покистон, Греция, Дания, Сомали ва Панама ўрнини эгаллайди.

Маълумот учун, Қирғизистон Марказий Осиё Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайланган иккинчи давлат бўлди. Бунгача фақат Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб (2017-2018 йиллар) БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон БМТ Хавфсизлик кенгаши Марказий Осиё Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг