Қирғизистон энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат йўқ – Жапаров
Олам
−
26 Июль 2023
3481Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакатда энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этилишига изоҳ берди. Бу ҳақда у “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида сўз очди.
Жапаровга кўра, Қирғизистонда энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат йўқ. Президентнинг фавқудда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги қарори эса мамлакат Энергетика вазирига кўпроқ ваколат бериш учун қабул қилинган.
“Келинг, оддий сўзлар билан мақсад нималигини тушунтириб бераман. Ушбу фармон билан биз Энергетика вазирининг ваколатларини 2026 йилгача кенгайтирмоқдамиз. У энергия ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштиради, маҳаллий ҳокимликлар ва вазирликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарларига топшириқлар бериш ҳуқуқига эга бўлади. Шундай қилиб, у мамлакат энергетика соҳасидаги вазиятни назорат қила олади ва керак бўлса, зудлик билан муҳим қарорлар қабул қилади”, дейди Қирғизистон раҳбари.
Жапаровнинг айтишича, кўрилган чора-тадбирлар энергетика соҳасидаги муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал қилишга қаратилган.
"2026 йилгача режага кўра, Қирғизистонда бир қатор кичик ГЭСлар қурилиши тугалланиши керак, бунинг ҳисобига республикада электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ортади. Лекин бу лойиҳаларни амалга ошириш учун Энергетика вазирига тегишли ваколат берилиши керак. Тўғриси, биз энергетика соҳасида узоқ вақтдан бери фавқулодда вазиятни бошдан кечирмоқдамиз, чунки биз уни йиллар давомида импорт қилиб келганмиз. Аста-секинлик билан импортдан воз кечишимиз, унинг ҳажмини ҳар йили камайтириб боришимиз керак", дейди Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг қарори билан мамлакатда электр энергияси тақчиллиги сабабли уч йил муддатга энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этилганди.
LiveБарчаси