Қилолмайсизлар, қўлларингиздан келмайди, дейишганди – Президент "Uzbekistan GTL” ҳақида

Жамият

image

“Uzbekistan GTL” заводининг қурилиш ишлари бошланганда, кўпчилик бунга шубҳа билан қараган, ҳаттоки “қўлларингиздан келмайди”, ҳам дейишган. Бу ҳақда бугун, 25 декабрь куни заводнинг очилиш маросимида иштирок этган Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Тўғриси, биз GTL лойиҳасини бошлаганимизда, кўпчилик буни уддалашимизга шубҳа билан қараган эди. “Қилолмайсизлар, қўлларингиздан келмайди” дейишганди. Лекин, биз қатъий интилиш ва машаққатли меҳнатимиз билан, барчамиз биргаликда мураккаб синов ва қийинчиликларни енгиб ўтиб, мана шундай янги ва замонавий, юқори технологик мажмуани барпо этишга эришдик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси даврида 10 мингдан ортиқ ишчи карантин талабларига қатъий амал қилиб, узоқ вақт оиласи, яқинларидан олисда ишлаб, ҳақиқий қаҳрамонлик намунасини кўрсатган.

“Фурсатдан фойдаланиб, қиймати 3,4 миллиард доллар бўлган, GTL заводи қурилишида муносиб иштирок этган барча мутахассислар, фидойи қурувчи, муҳандис ва лойиҳачилар, ҳурматли хорижий ҳамкорларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман”, дейди Президент.

Маълумот учун, 25 декабрь куни Қашқадарё вилоятида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича “Uzbekistan GTL” заводи очилди. Янги завод республиканинг нефть маҳсулотларига, хусусан, дизель ёнилғиси ва керосинга, шунингдек, суюлтирилган газга бўлган ички эҳтиёжини қоплашга хизмат қилади. Шунингдек, бу ерда ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли маҳсулотларни экспорт қилиш имконияти ҳам мавжуд. Бундай завод дунёнинг саноқли давлатларида – Қатар, Нигерия, ЖАР, Малайзияда мавжуд. Ўзбекистон бу давлатлар қаторига бешинчи бўлиб қўшилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг