Қиличдорўғли Туркияни Ғарбнинг ноғорасига ўйнатиб, Путинга душман бўладими?
Таҳлил
−
27 Май 2023
10760Хабар бериб бораётганимиздек, эртага, 28 май куни Туркия президентлиги учун иккинчи тур сайловлар бўлиб ўтади. Унда Туркиянинг амалдаги Президенти, Халқ Иттифоқидан номзод Ражаб Тойиб Эрдўған (биринчи турда у 49,52 фоиз овоз олган) ва Миллат Иттифоқидан номзод Камол Қиличдорўғли (44, 88%) иштирок этади.
Охирги сўровларга кўра, Эрдўған 52-54 фоиз, Қиличдорўғли эса 46-48 фоиз овоз олиши мумкин.
Эътиборингизга амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг азалий ва асосий рақиби, “Жумҳурият халқ” партияси раиси Камол Қиличдорўғлининг сайловолди дастури асосий бандлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган материални тақдим этамиз.
Камол Қиличдорўғлининг сайловдаги асосий ваъдаси Туркияни 1923 йилда ташкил топганидан бери мавжуд бўлган парламент бошқарув шаклига қайтаришдир. Ушбу анъанани амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўған тўхтатди, у 2017 йилда конституциявий референдум ўтказиш ташаббуси билан чиқди, натижада сайловчиларнинг 51,41 фоизи президентлик республикасига ўтиш учун овоз берди. Бундан ташқари, Қиличдорўғли давлат раҳбарининг ваколатларини қисқартиришни, унинг ваколат муддатини қайта сайланиш ҳуқуқисиз 7 йилга кўпайтиришни, шунингдек, унинг сиёсий партияга аъзолигини тақиқлашни режалаштирмоқда (Ушбу қоида 2017 йилги конституциявий референдум давомида ўзгартиришлар қабул қилингунга қадар амал қилган). Парламент республикасига ўтиш доирасида мухолифат номзоди партиялар учун сайлов чегарасини ҳозирги 7 фоиздан 3 фоизга туширишни таклиф қилмоқда.
Давлат бошқаруви соҳасида мухолифат етакчиси ҳукумат устидан назоратни Туркия Буюк Миллат Мажлисига (ТБММ; бир палатали парламент) қайтаришга ваъда қилмоқда (конституцияга киритилган ўзгартиришларга кўра, ТБММ Вазирлар Маҳкамаси фаолияти устидан бевосита назоратни йўқотди). Вазирликларни қайта қуриш (хусусан, урбанизация ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, аёллар, оилалар ва болалар масалалари бўйича агентликни ташкил этиш) ва бюрократияга қарши курашиш режалаштирилган. Раҳбар лавозимларда аёллар сонининг кўпайиши ҳам кутилмоқда.
Қиличдорўғли, шунингдек, суд-ҳуқуқ ислоҳотини (хусусан, Судьялар ва прокурорлар кенгашини иккита алоҳида коллегияга бўлиш; ҳозирда Президент судьялар ва прокурорлар кенгашининг ярмини тайинлаши мумкин) ва мавжуд суд тизимидан ноқонуний жабр кўрганларнинг барчасига товон пули тўлашга ваъда берди. Шунингдек, Қиличдорўғли сайланса, ҳукумат органларидаги коррупцияни тергов қилиш, Туркиянинг коррупцияга қарши қонунчилигини Европа Иттифоқи стандартларига тўлиқ мослаштириш учун комиссия тузишни режалаштирмоқда. У матбуот эркинлигини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнларида, давлат институтлари фаолиятида иштирок этишига катта аҳамият беради.
Туркиядаги мавжуд иқтисодий инқироз фонида Камол Қиличдорўғли иқтисодиётдаги муаммоларни ҳал қилиш зарурлигига катта эътибор қаратмоқда. Сиёсатчи икки йил ичида инфляцияни бир неча марта камайтиришга (2022 йил охирида у 64 фоиздан ошди), турк лираси барқарорлигини тиклашга (2022 йилда валюта долларга нисбатан 40 фоизга қадрсизланган), йиллик ўртача иқтисодий ўсиш суръатини 5 фоиздан юқори (2022 йилда – 5, 6 фоиз) таъминлашга ваъда бермоқда. Беш йил ичида аҳоли жон бошига даромадни икки баравар ошириш (2022 йилда – 10 655 доллар), ишсизликни камайтириш (ҳозирда – 10, 4 фоиз), камида 5 миллион қўшимча иш ўрни яратиш ва фуқароларга "Иккинчи имконият мактаблари"да янги кўникма ва билимларни олиш имкониятини бериш кутилмоқда. Бундан ташқари, йиллик экспорт ҳажмини 600 миллиард долларга (2022 йилда – рекорд даражадаги 254 миллиард доллар) ошириш режалаштирилган.
Қиличдорўғли, шунингдек, Туркия Марказий банки фаолиятининг мустақиллигини таъминлашга ваъда беради (Ражаб Тойиб Эрдўған ҳукумати Марказий банк фаолиятини унинг раҳбариятига асосий ставкани пасайтириш сиёсатини қўллаб-қувватловчи шахсларни тайинлаш орқали назорат қилади. Бироқ бу инфляциянинг ошишига ва миллий валютанинг қадрсизланишига олиб келади). Мухолифат етакчиси, шунингдек, иқтисодиётни тартибга солувчи назорат органлари, хусусан, Банк фаолиятини тартибга солиш ва назорат агентлиги ҳамда Капитал бозори кенгашининг маъмурий ва молиявий мустақиллигини тарғиб қилади. Ёшларни компьютер технологиялари йўналишида ўқитишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш доирасида Камол Қиличдорўғли Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг 2021 йилда қурилиши эълон қилинган Истанбул каналини қуриш лойиҳасини бекор қилишни ёқлайди. У Мармара ва Қора денгизларни боғлаб, Босфор бўғозига муқобил бўлиши керак.
Қиличдорўғли ташқи сиёсат фаолиятида Ғарб билан, хусусан АҚШ ва Европа Иттифоқи билан алоқаларни чуқурлаштиришга эътибор қаратмоқчи. Сиёсатчи аввалроқ Россия Федерацияси билан ҳамкорликни ва Россия-Украина можаросида бетараф позицияни сақлаб қолиш ҳақида маълум қилганига қарамай, 9 май куни Американинг “The Wall Street Journal” газетасига берган интервьюсида агар у президент бўлса, Россияга қарши санкциялар қўллаши мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, 24 май куни Туркиянинг “Babala-TV” YouTube каналига берган интервьюсида Қиличдорўғли “Москва билан яхши муносабатларга эътирози йўқлигини” таъкидлади.
Шу билан бирга, у Туркияда газ етказиб бериш ва нархларни белгилаш платформасини яратишни ўз ичига олувчи Европа Иттифоқи билан чегарада газ хабини ташкил этиш (Россия Президенти Владимир Путин 2022 йил октябрь ойида Болтиқ денгизидаги “Шимолий оқим 1” ва “Шимолий оқим 2” газ қувурларидаги портлашлардан сўнг уни қуриш ташаббуси билан чиққан) Туркия Республикасининг Россияга энергия қарамлигини 30-40 фоиздан 70-80 фоизга оширишини айтди.
LiveБарчаси