Қайта тикланувчи энергия манбалари учун божхона тўловларини кечиктиришга рухсат берилди
Жамият
−
11 Январь
2652Қайта тикланувчи энергия манбаларини импорт қилишда божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Бу ҳақда 8 январь куни қабул қилинган “Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида энергия таъминотини ташкил этиш соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарорида келтирилган.
Қарорга кўра, Божхона қўмитаси томонидан:
- 2024 йил 1 февралгача “Яшил энергия” ахборот тизими тўлиқ функционал режимида ишга туширилади ва Энергетика вазирлигига ўтказилиши таъминланади;
- “Яшил энергия” ахборот тизимининг узлуксиз ишлаши ва киритилаётган маълумотларнинг тўғрилиги доимий назорат қилинади.
Қуйидагиларга рухсат берилади:
- қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хомашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларини импорт қилишда божхона тўловларини 120 кун муддатга фоизлар ундирилмаган ҳолда кечиктириб тўлашга;
- мазкур импорт қилиш фаолияти билан 3 йилдан ортиқ давр мобайнида шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажариб келган тадбиркорларга 6 ой муддатга божхона тўловларини таъминлаш қўлланилмаган ҳолда, божхона тўловларини бўлиб тўлашга.
Бунда тадбиркорлар томонидан охирги 3 йил давомида тўланган божхона тўловларининг миқдори тўлов муддати узайтириладиган сумманинг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорини ташкил этиши лозим.
2024 йил 1 мартдан техник ҳужжатларида ёки маркировкасида қуёш элементларининг сифат кўрсаткичларини ифодаловчи “А”, “В”, “С” ва “Д” тегишли синфи тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган қуёш панелларини четдан олиб кириш тақиқланади.
Қуёш панеллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилади.
Қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хомашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини баҳолаш бўйича синов лабораторияси фаолияти ташкил этилади.
Импорт қилувчилар томонидан “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” ДУКнинг мувофиқликни баҳолаш органларига қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хомашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларини сертификатлаштириш учун ариза юбориш имконияти яратилади.
LiveБарчаси